Сурхондарёда янги боғлар бўй кўрсатмоқда
Сурхондарё вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиб, боғ яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу кунгача бўш майдонлар, ариқ, йўл ва кўча бўйларига 6 миллион 714 минг туп мевали, манзарали дарахт кўчати ўтқазилди.

Лойиҳада фаол иштирок этаётган Олтинсой тумани кўнгиллилари Мўминқул маҳалласидаги бўш ерда 10 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” яшил боғи барпо этишга бағишланган ҳашар уюштирди.
Ҳашарда маҳаллий давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари, кўнгилли нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

Шу куни мавжуд майдон четлари тартибга келтирилиб, икки қатор турли дарахт қаламчалари қадалди. Беш минг туп турли мевали дарахт кўчати, 60 минг донадан ортиқ қурилишбоп дарахт қаламчаси қадалди. Янги боғ бошида 300 тонна сиғимга эга сув ҳавзаси ҳам қазилди. Бу ерда бўй чўзаётган дарахт кўчатларига об-ҳаётни тежайдиган томчилатиб суғориш тизими жорий этилади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсумида вилоятда 10 миллион 25 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчати ўтқазилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири