Сурхондарёда “Турон йўлбарслари” сараланди
Термизда илк марта “Турон йўлбарслари” ҳарбий-спорт мусобақасининг Сурхондарё вилоят босқичи ўтказилди.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига миллий қадриятларни чуқур сингдириш, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини кучайтириш ҳамда ҳарбийлик касбига қизиқишини янада оширишга қаратилган беллашув Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод, спорт, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларнинг “Ватан таянчи” отряди аъзолари ўртасида бўлиб ўтди.


Мусобақа қатнашчилари сафда юриш ва саф элементларини бажариш, саф қўшиғини ижро этиш, “АК-74” ўқув қуролини қисмларга ажратиш ва йиғиш, “Моҳир мерган”, камондан ўқ отиш, 20 метр масофага арқондан ўтиш, умумқўшин ҳимоя воситаларини кийиш, турникда тортилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби шартларда жисмоний имкониятларини, “Темур тузуклари билимдони” беллашувида маънавий-маърифий билимларини синовдан ўтказишди.

Қизғин баҳсларга бой бўлган беллашувда Термиз шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг “Элпарвар” жамоаси фахрли биринчи, Термиз шаҳар Президент мактабининг “Десантчилар” жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди. Учинчи ўрин Денов туманидаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг “Денов йўлбарслари” жамоасига насиб этди.


Мусобақа ғолиблари диплом, кубок, медаль ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири