Сурхондарёда тиббиёт ходимлари шарафланди
Термиз шаҳридаги Санъат саройида 8 ноябрь-Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, фидойи тиббиёт ходимлари иштирок этган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг тиббиёт ходимларига табригини вилоят ҳокими ўринбосари А.Орипов ўқиб эшиттирди.
Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг соғлигини муҳофаза қилиш, даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт ходимларини моддий¬маънавий рағбатлантириш, ҳудудларда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар яхши самаралар бераётгани таъкидланди.

Соҳадаги янгиланишлар Сурхондарё вилоятида ҳам тиббиёт муассасаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаб, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини тубдан ўзгартиришда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, жорий йилда вилоят кардиология марказига 7 миллиард сўмликдан ортиқ ўн турдаги замонавий асбоб-ускуналар келтирилди. Мамлакатимизда биринчи бўлиб, бу жиҳозларнинг ўрнатилиши воҳада аритмологик комплекс тизимини яратиб, юракнинг мураккаб аритмияларини хирургик йўл билан даволашга қулай шароит яратади.
Айни пайтда вилоятда 27 мингдан ортиқ олий ва ўрта махсус маьлумотли тиббиёт ходими аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Тошкент Тиббиёт академиясининг Термиз филиалида воҳа эҳтиёжи учун бўлажак саломатлигимиз посбонлари таьлим-тарбия олиб, касб сирларини чуқур ўрганмоқда.
Соҳадаги ўзгаришлар жараёнида вилоят марказидан олисдаги ҳудудларда ҳам тиббий хизмат сифатини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Жумладан, воҳа марказидан узоқда жойлашган Узун, Сариосиё, Денов, Олтинсой ва Шўрчи туман аҳолисига ихтисослаштирилган малакали тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш учун қиймати 4 миллиард 500 миллион сўмлик ангиограф аппарати ва бир дона мултиспрал томограф аппарати Денов туман тиббиёт бирлашмасига келтирилиб, ўртанилмоқда. Мазкур туманларга қиймати 1 миллиард 500 миллион сўмлик 5 дона гемодиализ аппарати келтирилиб, беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Мамлакатимизда нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор соҳада соғлом рақобатни шакллантираётгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Шунга мос равишда жанубдаги вилоятда ҳам хусусий тиббиёт муассасалари сони йилдан-йилга ўсиб бораётир. Воҳада 2018 йилда 191, 2019 йилда 230 та нодавлат тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 25 хусусий тиббиёт муассаси ташкил этилиб, уларнинг сони 255 тага етди. Нодавлат тиббиёт муассасаларининг учтаси Хиндистон, Туркия ва Афғонистонлик сармоядорлар иштирокидаги қўшма корхона шаклида барпо этилган тиббиёт муассасалари бўлиб, Қумқўрғон туманида “MEXRIGIYO-MEDMEX”, Термиз шаҳрида “ALLES SAGLIK GROUP” ва “DILDORA NEYROXIRURGIYA” хусусий шифо масканлари фаолият юритмоқда. Йилнинг ўтган даврида 6 та нодавлат тиббиёт муассасаси фаолиятини кенгайтириб, хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширди.
Хусусий тиббиёт муассасаларининг 61 таси 2 минг 280 ўринли стационар ва 194 таси амбулатор шароитда аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Уларда 2 минг 342 нафар олий ва ўрта маълумотли тиббиёт ҳамда бошқа соҳа ходимлари меҳнат қилаётир.
Вилоятдаги йирик хусусий диагностика ва даволаш марказларига хорижий мамлакатлар фукаролари мурожаат этиб, тиббий хизматлардан баҳраманд бўлаётгани ҳам воҳада соҳанинг изчил ривожланиб бораётганини кенг намоён этмоқда. Хусусий клиникаларда 2018 йил 558 нафар, ўтган йил 647 ва жорий йилнинг 9 ойида 353 нафар чет эл фуқаросига тиббий хизматлар кўрсатилгани бунга яққол далилдир.

Сайёрамизда жиддий ташвиш ва хавотир ўйғотган пандемия шароитида вилоятнинг касбига содиқ замонамиз қаҳрамонлари ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, коронавирус инфекциясига қарши курашда фидойилик намуналарини кўрсатаётир. Уларнинг бундай мардонавар хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, рағбатлантирилмоқда. Қўшимча пул мукофотлари берилмоқда. Президентимизнинг шу йил 26 майдаги фармонига мувофиқ кўплаб тиббиёт ходимлари мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани ҳам соҳага қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг ёрқин ифодаси бўлди. Улар сафида сурхондарёлик моҳир шифокор, ҳамшира ва санитар ходимлар ҳам бор.
Тантанали тадбирда энг фидойи, жонкуяр бир гуруҳ тиббиёт ходимларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Бир гуруҳ тиббиёт ходимлари Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда саньаткорларнинг қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.