Сурхондарёда миллий қадриятлар тараннуми
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 27-29 октябрь кунлари Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида бахшичилик санъати йўналишида бахши, оқин ва жиров ижрочиларининг республика фестивали бўлиб ўтди.

Уч кун давомида халқ оғзаки ижоди кенг тараннум этилган фестивалда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 80 га яқин бахши, оқин ва жиров ўз санъатини намойиш этиб, халқимиз ақлу-заковати билан яратилган достон ва термаларни жўшиб куйлади. Буюк аждодларимизнинг кўп асрлик ҳаёт тажрибалари, эзгу орзу – интилиш ва юксак фазилатларини ўзида мужассам этган боқий меросимизни кенг тарғиб қилди. Ўзаро тажриба алмашди. Маҳорат дарслари ўтказилди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов миллий қадриятларимиз куйчилари билан учрашиб, дилдан суҳбат қилди. Жойларда “Устоз–шогирд” анъанаси ва бўлажак ёш бахши, оқин ҳамда жировларнинг эзгу интилишлари, бахшичилик мактаби ва синфларида яратилган шароитлар билан қизиқди. Кўрик-танловнинг очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ўтказилаётганини кўздан кечирди. Кўрик-танлов қатнашчиларига омад тилади.

Фестиваль доирасида ташкил этилган бахши, оқин ва жировларнинг республика кўрик-танловида умумжамоа ҳисобида олий ўрин Қорақалпоғистон Республикасига насиб этди. Биринчи ўринни сурхондарёлик, иккинчи ўринни хоразмлик ва учинчи ўринни қашқадарёлик бахшилар қўлга киритди.

Танлов иштирокчилари орасида фахрли биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси вакили Азамат Элмуратов, қашқадарёлик Зиёдулла Ахмедов ва сурхондарёлик Равшан Маматмуродовлар эгаллади. Иккинчи ўрин Тошкент шаҳрилик Расулбек Абдураҳмонов, сурхондарёлик Зулхумор Шерназарова ҳамда қорақалпоғистонлик Сафаргул Башировага насиб этди. Учинчи ўринга хоразмлик Химоят Сариев, қашқадарёлик Муҳаммади Даминов, қорақалпоғистонлик Улдавлет Серсенбаева, сурхондарёлик Хамза Холбоевлар сазовар бўлди. Ғолиблар диплом, фестиваль статуэткаси ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, “Энг яхши достон ижрочиси,” “Энг яхши терма ижрочиси”, “Ёш достон ижрочиси”, “Энг яхши жиров ижроси” каби йўналишлар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.

Фестиваль иштирокчилари вилоятдаги тарихий обидалар билан танишиб, улуғ аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.
Кўрик-танловнинг тантанали тақдирлаш маросими санъат усталари, бахши, оқин ва жировларнинг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА