Сурхондарёда меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Сурхондарё вилоятида иш қидираётган фуқароларни муносиб ва доимий иш ўринлари билан таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш мақсадида йирик қурилиш ташкилотлари иштирокида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Меҳнат ярмаркасида вилоятда фаолият юритаётган 15 та қурилиш ташкилоти ўзларидаги бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Тадбирга 3 мингга яқин фуқаро жалб қилиниб, уларга қурилиш соҳасидаги турли касб ва лавозимлар бўйича иш ўринлари таклиф этилди.
Ярмарка давомида иш берувчилар томонидан бўш иш ўринларининг меҳнат шароити, вазифалари ва номзодларга қўйиладиган талаблар ҳақида маълумотлар берилди. Иштирокчиларнинг минг нафари мавжуд иш ўринларига номзод сифатида рўйхатга олинди.
Қурилиш соҳасидаги айрим вакансиялар бўйича 8 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача ойлик маош таклиф этилмоқда. Бир қатор лавозимларга номзодлардан олий маълумот, тегишли касбий малака, иш тажрибаси ва ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади.
[gallery-31823]
Айни пайтда вилоятдаги қурилиш ташкилотлари ва йирик компанияларда турли йўналишлар бўйича 2 мингдан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд. Меҳнат ярмаркаси орқали ушбу вакансиялар ҳақида аҳолига бевосита маълумот бериш, иш берувчи ва иш изловчилар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш имконияти яратилди.
Тадбир доирасида иштирокчиларга мавжуд вакансиялар, касбий талаблар ва ишга жойлашиш тартиби бўйича тушунтиришлар берилди. Бу фуқароларнинг ўз билим ва кўникмаларига мос иш ўринларини танлашига имкон бермоқда.
Меҳнат ярмаркалари аҳоли бандлигини таъминлаш, иш излаётган фуқароларни иш берувчилар билан боғлаш, уларга муносиб иш ва барқарор даромад манбаини топишда амалий кўмак беришга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА