Сурхондарёда корхоналар фаолияти ўрганилди
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов Сурхондарё вилоятидаги завод, фабрика ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишди.
Хусусан, “Dream silk”, “Denov dream silk”, “Denov dream textile”, “Dream silk textile” ва “Dream cotton textile” МЧЖлар иш фаолияти кўздан кечирилди.
Мазкур МЧЖлар махсус иш кийимлар, эркаклар кўйлаги, мато, трикотаж маҳсулотлари, ип-калава, спорт ва йўл сумкаларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, корхоналарни ишга тушириш учун зарур бўлган 70 фоиз ускуна ва жиҳозлар хориждан олиб келинган. Ушбу лойиҳалар асосида 6 минг 700 та шундан 5 минг 700 та доимий ва мингта мавсумий ишчи ўрни яратилган.

Президентимизнинг жорий йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра мазкур корхоналарда асосан чевар опа-сингилларимиз фаолият юритади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар маҳаллий бозорларимиздан ташқари хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Корхонларда олиб борилаётган ишларни текшириш жараёнида янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали иш ўринларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қуввати ва сифатини ошириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Кўтарилган долзарб масалаларнинг аниқ ижрочи масъуллари ва муддатлари белгилаб берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА