Сурхондарёда 49 мингдан ортиқ оила “темир дафтар”дан чиқарилган
Бугун бўлиб ўтган халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ишчи гуруҳи томонидан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қарор ва дастурлар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларни комплекс ўрганиш якунлари муҳокама этилди.
Унда вилоятдан сайланган сенаторлар, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоят секторлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Сессияда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари Толибжон Мадумаровнинг жорий йил 15 – 20 кунлари вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қарор ва дастурлар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларни комплекс ўрганиш якунлари ҳақидаги маърузаси тингланиб, муҳокама этилди.
Ўрганиш чоғида бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, аграр, сув хўжалиги, экология, коммунал, йўл-қурилиш ва транспорт инфратузилмаси, ижтимоий соҳа, жиноятчилик ва суд-ҳуқуқ ҳамда маҳаллий кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш юзасидан муайян ишлар амалга оширгани маълум бўлди.

Жумладан, 2020 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 24 триллион сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,4 фоизга ўсган. 5 триллион 515,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. 7 триллион 919,7 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган. Чакана савдо айланмаси 12 триллион 352,6 миллиард сўмни ташкил этган. Маҳаллий бюджет даромадлари прогноз режаси яъни, 1 триллион 198 миллиард сўм ўрнига 1 триллион 398 миллиард сўмга ёки 116,7 фоизга бажарилиб, бюджетга 200 миллиард сўм қўшимча манба шакллантирилган.
Якунланган йилда хорижий инвестиция иштирокидаги 252 та лойиҳада 221,2 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва хорижий кредит маблағи ўзлаштирилиб, 245,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Сессияда қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларда юз берган ўзгаришлар, ижтимоий йўналишларда олиб борилган ишлар чуқур таҳлил қилинди. Жумладан, “темир дафтар”га киритилган 52,5 мингдан ортиқ оилага 59 миллиард сўм манзилли ёрдам кўрсатилгани таъкидланди. Мазкур оилаларнинг 52,2 минг нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари иш билан таъминланган ва доимий даромад манбаига эга бўлган. Натижада сектор раҳбарларининг тавсиялари асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг қарорлари билан 49 мингдан зиёд оила “темир дафтар” рўйхатидан чиқарилган.
Айни пайтда вилоятда 28 минг 928 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”, 56 минг 752 нафар ўғил-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилиб, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Сессияда Ишчи гуруҳи томонидан вилоятни ўрганиш жараёнида аниқланган муаммолар тўғрисида сўз юритилиб, уларни ҳал этиш бўйича тавсиялар билдирилди. Вилоят ҳамда республика даражасида ечимини топиш учун мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Шунингдек, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда вилоят ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА