Сурхондарё мактабларида биринчи қўнғироқ садолари жаранглади
Сурхондарё вилоятидаги 975 та мактабда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Тантанали маросимларда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ўқитувчилар, ўқувчи-ёшлар, ота-оналар, меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Термиз шаҳридаги 1-мактаб жамоаси янги ўқув йилини қиёфасини тубдан ўзгартирган янги ўқув даргоҳида бошлади. Таълим муассасасининг биринчи ўқув биноси бундан 75 йил муқаддам, иккинчи биноси 56 ва учинчи биноси 55 йил аввал барпо этилган. Жорий йил давлат дастури доирасида 7 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига 650 ўринли тўрт қаватли замонавий ўқув биноси бунёд этилди. Шу пайтгача ўқувчилар таълим олган бинолар тўрт миллиард сўм маблағ ҳисобига тўлиқ қайта таъмирланди.
[gallery-31213]
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида янги қиёфада бўй кўрсатган мактабда дарслар ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Янги ўқув йилида ўзбек синфларида 1 минг 300 дан ортиқ, рус синфларида 1 минг 170 дан зиёд ўқувчи таълим-тарбия олади. Уларнинг 261 нафари биринчи синф ўқувчиларидир. Мактаб остонасига янги ўқув йилининг дастлабки кунида қадам ташлаганларнинг 156 нафари ўзбек ва 105 нафари рус тили синфларида ўқийди.
Тубдан янгиланган мактабнинг очилиш маросими ва янги ўқув йили бошланишига бағишланган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, маросим иштирокчиларини Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами, Билимлар куни ва янги ўқув йилининг бошланиши билан табриклади. У ўқувчиларнинг аъло баҳоларга ўқиб, келажакда Янги Ўзбекистон равнақи учун муносиб ҳисса қўшадиган етук инсонлар бўлиб улғайишига омад тилади. Биринчи синф ўқувчиларига Президент совғаларини топширди.
Янги ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларига 66 мингдан ортиқ ўғил-қиз илк бор қадам ташлади. Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг фан сирларини чуқур ўрганиши учун барча шароит яратилган. Жумладан, 135 мактабда 527 миллиард 900 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 80 та мактабга бюджет маблағлари ҳисобидан 12 миллиард сўмлик 1 минг 280 та компьютер жамланмаси харид қилинди. Мактабларга 150 минг дона бадиий адабиёт топширилди. Бир миллиард юз миллион сўм маблағ эвазига 63 та мактабга 63 та электрон доска етказиб берилди. Айни пайтда мактабларнинг ўқувчилари 21 минг 449 та замонавий компьютердан фойдаланмоқда. Йил якунигача таълим муассасаларига яна 1 минг 280 та компьютер техникаси етказиб берилади.
Вилоятдаги барча мактабларда бўлиб ўтган тадбирларда биринчи синф ўқувчиларига Президент совғалари тантанали топширилди. Бадиий адабиётлар туҳфа қилинди. 80 та мактабга компьютер, совутгич ва бошқа жиҳозлар ҳам берилди. Биринчи қўнғироқ садолари жаранглаб, янги ўқув йили бошланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири