Суперлигада бугун 10-тур старт олади
Бугун, 27 апрель куни Ўзбекистон Суперлигасида 10-тур баҳслари старт олади ва 29 апрель кунига қадар давом этади. Турни “Машъал” — “Бухоро” ва ОКМК — “Локомотив” жамоалари ўртасидаги ўйин бошлаб беради.
Мазкур учрашувлардан олдин жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикаси билан сизларни таништиришни лозим топдик.
Бу мавсумни омадсиз ўтказаётган Муборакнинг “Машъал” жамоасининг “Бухоро”га қарши ўтказадиган учрашуви ҳақида тўхталсак. Бу клублар ўзаро миллий чемпионатларимиз доирасида 36 марта тўқнаш келган. Уларнинг 17 тасида “Машъал”, 7 тасида “Бухоро” ғалаба қозонган. Қолган 12 ўйин дуранг билан якунланган. Муборакликлар рақиб дарвозасини 54 бор ишғол қилган бўлса, бухороликлар ҳисобида 35 та гол бор.

Айни дамда “Бухоро” Суперлига жадвалида 14 очко билан 5-ўринда бораётган бўлса, “Машъал” эса ҳамон очкосиз сўнгги ўринда қолмоқда.
Энди эса ОКМК — “Локомотив” клубларига оид қисқача маълумотларни ҳавола этамиз. Суперлига (Олий лига) баҳсларида бу клублар ўзаро 30 марта рақобатлашган. Уларнинг 16 тасида “Локомотив” ғалаба қозониб, 5 марта дуранг қайд этган. ОКМК эса 9 бор ғолиб бўлган. Тўплар нисбати 54/40 - “темирйўлчилар” фойдасига.
Дарвоқе, Суперлиганинг 10-туридан 28 апрель куни “Андижон” — “Динамо”, “Сўғдиёна” — “Сурхон” (19:00) ва “Пахтакор” — “Насаф”, 29 апрель санасида “Қизилқум” — “Хоразм”, “Нефтчи” — “Қўқон-1912” (19:00), “Бунёдкор” — “Навбаҳор” (20:00) жамоалари баҳси ўрин олган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА