Суперлига: «Пахтакор» азалий рақибига қарши ўйнайди
Ўзбекистон Суперлигасининг 24-тур учрашувлари доирасида бугун «Локомотив» — «Насаф», «Навбаҳор» — «Пахтакор» ва «Динамо» — «Бухоро» жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Марказий учрашувда Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси ўз майдонида Тошкентнинг «Пахтакор» клубини қабул қилади. Айни пайтда ҳар икки жамоа ҳам чемпионлик учун кураш олиб бормоқда. Айниқса, ўтган турда «Пахтакор» амалдаги чемпион «Нефтчи» билан очколар сонини тенглаштириб, турнир жадвалидаги рақобатни янада кескинлаштирди.
Наманган шаҳридаги «Марказий» стадионда соат 19:00 да бошланадиган ушбу баҳс олдидан азалий рақибларнинг миллий чемпионат доирасидаги ўзаро учрашувлари статистикасига назар ташлаймиз.
Жамоалар шу кунга қадар 71 марта куч синашган. Ушбу учрашувларнинг 42 тасида «Пахтакор», 15 тасида «Навбаҳор» ғалаба қозонган. Қолган 14 та баҳсда дуранг қайд этилган. Киритилган голлар нисбати ҳам пойтахтликлар фойдасига — 114:59. Жамоалар ўртасидаги учрашувларда қайд этилган энг йирик ҳисоб 7:0 бўлиб, 2009 йили Тошкентда ўтган баҳсда «Пахтакор» шундай ғалабага эришган.

Куни кеча Суперлиганинг 24-тури доирасида яна учта учрашув бўлиб ўтди. Водий дербисида «Нефтчи» сафарда «Қўқон-1912»ни 4:2 ҳисобида мағлуб этди. Қўқон шаҳридаги «Марказий» стадионда ўтган баҳсда Тома Табатадзе 11-дақиқада мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ, Зоран Марушич орадан уч дақиқа ўтиб, мувозанатни тиклади.
Иккинчи бўлимда Нурмуҳаммад Абдуғаниев 48-дақиқада фарғоналикларни олдинга олиб чиқди. Шаҳзод Акрамов 50-дақиқада ҳисобни тенглаштирган бўлса, 57-дақиқада Зоран Марушич ўзининг иккинчи голини киритди. 86-дақиқада Коффи Коуао учрашувдаги сўнгги голни уриб, «Нефтчи»нинг 4:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Ушбу ғалабадан сўнг «Нефтчи» очколарини 55 тага етказиб, турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди. «Қўқон-1912» эса 23 очко билан 13-поғонада қолди.

Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида кечган баҳсда мезбонлар «Сўғдиёна» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Самандаржон Мавлонқулов 28-дақиқада жиззахликларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, 86-дақиқада Матия Кривокапич «Бунёдкор»га бир очко тақдим этди. Мазкур натижадан сўнг «Сўғдиёна» 29 очко билан 11-ўринни, «Бунёдкор» эса 23 очко билан 14-ўринни эгаллаб турибди.
Турнинг яна бир учрашувида «Сурхон» ва «Хоразм» жамоалари 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Ушбу натижадан кейин «Сурхон» 28, «Хоразм» эса 23 очко жамғарди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА