Суперлига: 11-тур бугун якунланади
Футбол бўйича миллий чемпионатимизнинг 11-тур ўйинлари бугун, 4 май куни ўз ниҳоясига етади. Бугун учта беллашув бўлиб ўтади.
Дастлаб, соат 19:00 да "Хоразм" ўз майдонида "Андижон"ни қабул қилади. Шу вақтнинг ўзида "Локомотив" — "Қизилқум" учрашувига старт берилса, орадан бир соат ўтиб "Насаф" ва "Навбаҳор" жамоалари ўзаро тўқнаш келади.

Суперлиганинг кечаги учрашувларида Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМК ўз уйида Исломбек Исмоилов қўл остидаги "Нефтчи" клубини қабул қилди. Тенг курашлар остида ўтган ўйинда ҳисоб очилмади. “Қўқон-1912” ўз майдонида “Бунёдкор”ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндаги ягона голни 36-дақиқада Муҳаммаданас Ҳасанов киритди.
Термиз шаҳрида ташкил этилган “Сурхон” ва “Пахтакор” клублари баҳси 1:1 ҳисобида якунланди. Учрашувнинг биринчи бўлими 41-дақиқасида мезбонлар вакили Суннатилла Абдуллажонов ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Фламарионнинг узатмасидан сўнг Шаҳзод Азмиддинов ҳисобни тенглаштирди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА