Сунъий интеллект ва рақамли трансформация — Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг янги босқичи
Тошкент шаҳридаги IT Park мажмуасида “Ўзсаноатқурилишбанк” (SQB) ташаббуси билан “Сунъий интеллект ва рақамли трансформация: Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг янги босқичи” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбир сунъий интеллект технологияларини иқтисодиётнинг реал секторларига кенг жорий этиш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ҳамда давлат, бизнес ва илм-фан ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим мулоқот майдонига айланди. Унда давлат идоралари, молия институтлари, IT компаниялар, тадбиркорлар ва халқаро экспертлар иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 6 октябрь куни сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва уларни иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳаларга кенг жорий этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган. Бугунги кунда мазкур йўналишда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар рақамли иқтисодиётни шакллантириш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ва замонавий технологик инфратузилмани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Конференция доирасида сунъий интеллект технологияларини молия, саноат, қурилиш, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги каби устувор тармоқларга жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, инфратузилма ва молиявий институтларни рақамли трансформация қилиш, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш, таълим тизимини модернизация қилиш ҳамда давлат бошқаруви ва бизнес жараёнларида илғор технологиялардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда сунъий интеллект соҳасида мамлакатнинг асосий драйверлари ҳисобланган илм-фан, давлат ва IT-индустрия вакиллари бир минбарда жамланди. Иштирокчилар томонидан фундаментал ва амалий илм-фанни ривожлантириш, рақамли иқтисодиётни кенгайтириш ва IT-инфратузилмани такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва ечимлар илгари сурилди.

Жумладан:
– Ўзбекистон Фанлар академияси вакили мамлакатда фундаментал ва амалий илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ёритди;
– Рақамли технологиялар вазирлиги рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект инфратузилмасини шакллантириш масалаларига тўхталди;
– Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази AI бўйича кадрлар тайёрлаш ва таълим тизимини трансформация қилиш юзасидан фикр билдирди;
– IT Park Uzbekistan вакили IT-экотизим, стартаплар ва экспортга йўналтирилган рақамли бизнесларни ривожлантириш имкониятларини тақдим этди.
– Қайд этиш лозимки, SQB томонидан сунъий интеллект асосидаги амалий ечимлар босқичма-босқич жорий этилмоқда, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бизнес бош директори Темур Норов. – Жумладан, ишлаб чиқилган “SQB AI Maslahatchisi” рақамли ечими фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, бизнес ташаббусларини таҳлил қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган. Мазкур ечим фойдаланувчининг индивидуал имкониятлари, молиявий ҳолати ҳамда ҳудудий иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда энг мақбул бизнес йўналишларини шакллантиради. Шу билан бирга, у лойиҳаларнинг инвестиция ҳажми, рентабеллик даражаси ва амалга ошириш босқичларини аниқлаш имконини беради. Тизимнинг банк хизматлари билан интеграциялашгани эса танланган лойиҳаларни тезкор молиялаштириш ва амалга ошириш жараёнини соддалаштиради. Бу эса тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш учун мустаҳкам асос яратади.

Конференцияда иштирокчилар сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш иқтисодиёт тармоқлари самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва инновацион экотизимни шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидладилар.
Ўзсаноатқурилишбанк мазкур йўналишда бошланган ислоҳотларни реал натижаларга олиб чиқиш, рақамли иқтисодиёт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини иқтисодиёт тармоқларига кенг жорий этиш бўйича ишларни изчил давом эттиради.

Шаҳноза Маматуропова, Нишонбой Абдувоитов (сурат, видео), ЎзА