Суғурталашда «Маҳаллабай» тизимининг самаралари
«Ўзагросуғурта» АЖ фуқароларни суғурта хизматлари билан қамраб олиш мақсадида жойларда «маҳаллабай» тизими асосида фаолият юритмоқда. Жамият бошқаруви ходимлари, ҳудудлардаги филиаллар раҳбар ва вакиллари маҳаллаларда аҳоли хонадонларига кириб, улар билан бевосита мулоқот қилмоқда.
Буни Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Хоразм, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида амалга оширилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин.
Андижондаги мулоқотларда суғурта хизматининг афзалликлари, суғурталаш аҳоли ва бизнесга етган йўқотишлар, зарарларни қоплашнинг моддий манбаига айлангани тушунтирилди. Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг суғуртага бўлган қизиқиши йилдан йилга ортмоқда.

– Тўғри илгари суғурта ҳақида умумий тушунчага эга эдим. «Ўзагросуғурта» АЖ мутахассислари билан бўлиб ўтган суҳбатлардан сўнг суғурта полиси нима экани, суғурта шартномаларини тузаётганда унинг шартларига эътибор қаратиш лозимлиги, суғурта ҳодисаси рўй берганда керакли ҳужжатларни тақдим этиш ва товон ундириш қоидалари ҳақида керакли маълумотларга эга бўлдим, – дейди Андижон шаҳар «Озодлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқда яшовчи Ҳафизахон Усмонова.
Жамиятнинг Сурхондарё вилояти филиали томонидан Қизириқ туманида 31 нафар маҳалла раислари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда аҳолининг ихтиёрий суғурта турлари бўйича саводхонлигини ошириш, унинг афзаллик жиҳатлари ва маҳаллаларда одамларнинг кундалик турмуш шароитига мос суғурта турларини кенг тарғиб қилиш борасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
– «Ўзагросуғурта» суғурта компаниясининг раҳбар ходимлари билан жуда долзарб мавзуда суҳбат бўлди. Дарҳақиқат, ҳар йили баҳор, ёз ойларида табиий офатдан аксарият фуқароларимиз зарар кўради. Чунки, туманимиз аҳолисининг асосий дорамад манбаи чорвачилик, деҳқончилик, боғдорчилик, шунингдек, тадбиркорлик ёки қишлоқ хўжалигига оид бошқа соҳалардир.

Баҳорда баъзи ҳудудларда одамларнинг уй-жойи, мол-ҳоли, от-улови, эчки-улоғини сел олиб кетса, ёзда уларнинг экин майдонларига, боғ-роғлари қурғоқчилик ёки турли зараркунандалардан зиён етиши эҳтимоли мавжуд. Очиғи кўпчиликнинг тўй-хашами, талабаларнинг тўлов контракти ҳосил унумдорлиги билан боғлиқ.
Кимнингдир ҳосили ўхшамаса, ўз-ўзидан оилаларнинг муҳим режалари кейинги мавсумга қолдирилади. Суғурта – аҳоли учун хатарлар билан ҳисоблашиш кераклигини, оиланинг молиявий барқарорлигини таъминлашнинг муҳим усули. Бугунги учрашувдан хулоса шу, – дейди «Қорасув» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саидмурод Анаматов.
«Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти томонидан хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш, айниқса, қишлоқ аҳолисини суғуртавий ҳимоясини таъминлаш борасидаги ишларни «маҳаллабай» тизимида амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, жамиятнинг раҳбар ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Зоя Ержанова иштирокида учрашув ўтказилди. Мулоқотлар якунида чимбойликлар учун қулай ихтиёрий суғурта хизматларини таклиф этиш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини янада ривожлантириш борасида амалий ишларни ҳамжиҳатликда ташкил этишга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, компания вакилларининг мамлакатимиз маҳаллалари бўйлаб аҳолининг суғуртавий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг мазкур молиявий хизмат турига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган жойлардаги амалий мулоқотлари пойтахтимиз Тошкент, Навоий, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида давом этмоқда.
«Ўзагросуғурта» АЖ
Ахборот хизмати