Судьялар кенгашларининг универсал принциплари ишлаб чиқилади
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида давлатимиз раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги маърузасида илгари сурилган ғоялар ва ундан келиб чиқадиган вазифалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакат тарихида илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси мақомига эга бўлганини таъкидлади.
Кенгаш сессиясида давлатимиз раҳбари Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш ҳақида таклиф билдирди.
Давра суҳбатида иштирок этган экспертлар Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқишда миллий амалиёт, амалга оширилган илмий тадқиқотлар ва бу борадаги халқаро тажрибани қиёсий тарзда ўрганиб чиқиш кераклигига эътибор қаратди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси аъзоси Даврон Арипов, юридик фанлари доктори Йўлдош Жўраев Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқишда ҳар бир давлат ўзига хос хусусиятларини инобатга олиши кераклигини таъкидлади. Уни тайёрлашда мутахассислар ўзаро фикрлашиб, лойиҳасини муҳокамалардан ўтказиб, кейин тасдиқланиши мақсадга мувофиқ.
Эътироф этилдики, бугунги кунда Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларига оид халқаро ҳужжат мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам жаҳон давлатлари судьялар ҳамжамияти органларида умумийлик кузатилмайди. Ушбу долзарб муаммони бартараф этиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилгани мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини суд орқали кафолатли ҳимоялашга энг устувор масалалардан бири сифатида қаралаётганини кўрсатди.
Тадбирда билдирилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар умумлаштирилиб, ҳужжатни ишлаб чиқишда эътиборга олинадиган бўлди.
Н.Абдураимова, ЎзА