Судьялар иштирокида семинар ташкил этилди
Навоий вилоят суди ва вилоят маъмурий суди ташаббуси билан маҳаллий давлат ҳокимияти, прокуратура, ички ишлар, божхона, солиқ органлари, тижорат банклари, кадастр идоралари масъуллари учун амалий семинар ташкил этилди.
Унда “Меҳнат қонунчилиги меъёрларини суд амалиётида қўллаш ва меҳнат низоларининг олдини олиш”, “Ўзбошимча қурилмалар ҳамда давлат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш” ва “Ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига доир суд амалиёти” каби мавзуларда тушунчалар берилди.

– 2024 йил давомида маъмурий судларда жами 866 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ ишлар кўриб тамомланган, – дейди Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари Ихтияр Касимов. – Ушбу ишларнинг 64 таси ҳоким қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ бўлса, 31 таси маҳаллий ҳокимлик мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф, деб топиш ҳақидаги ишларни ташкил этган.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан эса 2024 йил давомида меҳнат муносабатларига доир 1045 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, уларнинг 627 таси бўйича даъволар қаноатлантирилган. Кўрилган ишларнинг 633 таси иш ҳақини ундириш, 183 таси ишга тиклаш, 66 таси ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этганлик ҳолати, 28 таси меҳнат таътили бериш ва қолгани бошқа тоифадаги меҳнат низоларини ташкил этади.

– Ишга тиклаш ҳақидаги даъволар бўйича кўрилган 183 та ишнинг 75 таси юзасидан иш берувчиларнинг буйруқлари ғайриқонуний деб топилган, – дейди Навоий вилоят судининг судьяси Анвар Шукуров. – Якунланган йилда кўрилган ишга тиклаш ҳақидаги низоларнинг 18 таси тижорат банклари, 15 таси ички ишлар органлари, 15 таси соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли қуйи бўғин ташкилотлари, 10 таси мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари, қолганлари бошқа давлат идоралари ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келган. Меҳнат низолари юзасидан иш берувчилардан ходимлар фойдасига 3 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда қарийб 1,1 миллиард сўм миқдорида маънавий зарар учун компенсация ундириш белгиланган.
Тадбирда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, кадастр идораларининг даъволари бўйича кўрилган ишларнинг статистик таҳлиллари ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Семинар давомида судьялар иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири