Судья ва суд ходимлари “Заковат”да беллашди
Навоий вилоятида судья ва суд ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
Беллашувда вилоят судлари тизимида фаолият олиб бораётган судья ва суд ходимларидан иборат ҳар бири 6 кишидан ташкил топган 20 та жамоа иштирок этди.
Иштирокчиларга иккита бўлимда қизиқарли, мантиқий, аниқ далилларга асосланган саволлар берилди.

Ҳар бир саволнинг жавоби учун бир дақиқадан вақт ажратилди.
Интеллектуал ўйин қатнашчиларининг топқирлиги ҳакамлар ҳайъати томонидан шаффоф ва холис баҳолаб борилди.
Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган беллашувда 1-ўринни Навоий вилоят маъмурий судининг “Туркистон” жамоаси, 2-ўринни жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судидан ташкил топган “ЖИБ Навоий” ҳамда 3-ўринни Навоий туманлараро иқтисодий судининг “Навоий ТИС” жамоаси эгаллади.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири