Судларни коррупциядан холи, очиқ, замонавий ва халқчил тизимга айлантириш бўйича муҳим қадам қўйилди
Президентимизнинг 2026 йил 8 июндаги “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида баҳоланмоқда. Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов фармоннинг аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
– Мазкур фармон одил судловни таъминлаш, суд мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти – қонун устуворлигини таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг суд орқали ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир. Бу эса суд тизимини янада такомиллаштириш, унда ҳалоллик, очиқлик ва профессионаллик тамойилларини мустаҳкамлашни тақозо қилади.
Таъкидлаш жоизки, фармон суд тизимида коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, суд аппаратида самарали бошқарув механизмларини жорий қилиш ҳамда жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга қаратилган.
Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири – суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг мутлақо янги модели жорий этилаётгани. Энди асосий эътибор коррупция содир бўлгандан кейин жазолашга эмас, балки унинг олдини олиш, хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва тизимли бартараф этишга қаратилади.
Бунинг учун суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш, шу жумладан, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва тартибга солиш учун масъул бўлган Комплаенс назорат хизмати ташкил этилади.
Ушбу хизмат коррупциявий хавфларни аниқлаш, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, кадрлар билан ишлашда шаффофликни таъминлаш ҳамда суд аппарати ходимлари фаолияти устидан доимий мониторинг олиб бориш каби муҳим вазифаларни амалга оширади.
Бу амалда халқаро бошқарув стандартларида ўз самарасини исботлаган комплаенс-назорат тизимининг миллий суд тизимига тўлиқ татбиқ этилаётганини англатади.
Фармон билан судьялар ва суд аппарати ходимларининг даромадлари, мол-мулки ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини декларация қилиш тизими жорий этилмоқда. Бу муҳим қадам яширин манфаатларни аниқлаш, коррупция хавфини пасайтириш, хизмат фаолиятида ҳалоллик стандартларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, суд ишларини автоматик тақсимлаш тизимини янада такомиллаштириш белгиланган. Бу ишларни судьялар ўртасида тақсимлашда инсон омилини минималлаштириш, шаффофликни таъминлаш ва ҳар қандай ташқи аралашув хавфини кескин камайтиришга хизмат қилади.
Фармон суд тизимида кадрлар сиёсатига ҳам мутлақо янги ёндашувни олиб кирмоқда. Эндиликда суд аппаратига ишга қабул қилиш очиқ танлов, меритократия, рақамли саралаш асосида амалга оширилади. 2026 йил якунига қадар vacancy.sud.uz ва SudHR платформаларини ишга тушириш режалаштирилгани бу борада муҳим қадам ҳисобланади.
Айниқса, сунъий интеллект асосида номзодларни саралаш ва баҳолаш тизимининг жорий этилиши инсон ресурсларини бошқаришда замонавий ёндашувларни кенг татбиқ қилиш имконини беради. Бу эса суд тизимига юқори малакали, ҳалол, билимли ва масъулиятли кадрларни жалб этишга хизмат қилади.
Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, суд тизимида коррупцияга қарши самарали механизмларни жорий қилиш давлат тараққиётининг муҳим шарти ҳисобланади. Сингапур, Жанубий Корея ва Эстония каби давлатларда комплаенс-назорат, даромад декларацияси, рақамли мониторинг, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари юқори самара берган.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати – коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берувчи ходимларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш механизмларининг жорий этилаётганидир. Бу суд тизимида очиқлик муҳитини шакллантириш ва коррупцияга қарши ички иммунитетни кучайтиришга хизмат қилади.
Ушбу тажриба суд тизимида инсон омилини камайтириш, шаффофликни ошириш ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича “реал кейслар” асосида амалий ўқув модулларининг жорий этилиши назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, фармонда белгиланган чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг Transparency International’нинг коррупция индекси, World Justice Project’нинг қонун устуворлиги рейтинги ва бошқа халқаро баҳолаш тизимларидаги ўрнини янада яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Энг муҳими, ҳар қандай ислоҳотнинг натижаси унинг мазмуни билан эмас, балки амалда қандай ижро этилиши билан белгиланади. Фармон билан амалга оширилган ислоҳотлардан кутилаётган асосий натижалар сифатида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг кескин камайиши; суд қарорларининг холислиги ва адолатлилиги ошиши; суд аппаратида очиқлик ва ҳисобдорлик мустаҳкамланиши; кадрлар сифати ва профессионал савиясининг юксалиши; аҳолининг суд органларига бўлган ишончи янада ошиши.
Бироқ, бу мақсадларга эришиш, аввало, суд тизимида фаолият юритаётган ҳар бир раҳбар ва ходимнинг масъулияти, ҳалоллиги ва фидойилигига бевосита боғлиқ.
Бугун суд тизими ходимлари олдида коррупцияга нисбатан мутлақо муросасиз муносабатни шакллантириш, хизмат фаолиятида ҳалоллик ва поклик тамойилларига қатъий амал қилиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, рақамли технологияларни самарали қўллаш ҳамда фуқаролар билан мулоқотда очиқлик ва адолат мезонларини устувор қилиш каби қатор вазифалар турибди.
Суд тизимида ишловчи ҳар бир ходим шуни чуқур англаши лозимки, суднинг нуфузи – бу фақат институт обрўси эмас, балки давлатга, қонунга ва адолатга бўлган ишонч мезонидир.
Фармон айнан ана шу юксак мақсадларга хизмат қилади. Мазкур тарихий ҳужжат суд тизимини коррупциядан холи, очиқ, замонавий ва халқчил тизимга айлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлиб, Янги Ўзбекистонда ҳақиқий адолат маконини барпо этиб, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларини янада мустаҳкамлашга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.
Н.Абдураимова,
ЎзА