Судларда одамларнинг оворагарчилигига чек қўйилади
Президентимизнинг Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлигига эътибор қаратилди.
Айниқса, судларда одамларнинг оворагарчилигига чек қўйиш зарурлиги қайд этилди. Ҳақиқатан ҳам бу борада аҳолига зарур қулайлик яратиш уларнинг давлатдан рози бўлиши, келажакка бўлган ишончи мустаҳкамланишига замин яратади.
Айтиб ўтиш керакки, меҳнат муносабатлари соҳасида муаммолар учраб туради. Табиийки, бундай шароитда фуқаролар судга мурожаат қилади.
2023 йил 30 апрелдан кучга кириши кутилаётган янги Меҳнат кодексида меҳнат низолари бўйича даъво муддатларига ўзгартишлар киритилди.
Ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой, ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича – иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан бир йил, бошқа меҳнат низолари бўйича – ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой муддат белгиланди.
Меҳнат қонунчилигига даъво муддатлари бўйича иккита муҳим ўзгариш киритилди. Биринчиси, ишга тиклашга оид низолар бўйича даъво муддати бир ойдан уч ойга, иккинчиси бошқа меҳнат низолари бўйича муддат уч ойдан олти ойга узайтирилди.
Мазкур модда билан нафақат ходимнинг соғлиғига, балки унинг ҳаётига етказилган зиён ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги низолар бўйича судга мурожаат этиш учун муддат белгиланмаслиги қатъий белгиланди.
Сабаби ходимлар судга мурожаат қилишдан олдин иш берувчи билан зиддиятга бормаслик мақсадида муросага келиш учун ҳаракат қилади ёки бошқа ишни кўриб ҳал қилиш ваколатига эга бўлмаган инстанцияларга мурожаат қилиб кўп вақт йўқотади. Оқибатда даъво муддати ўтиб кетади. Бу эса жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги илтимосномаси билан ишларни кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
Яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш бўйича судга мурожаат этиш муддатининг ўтиши якка тартибдаги меҳнат низосини медиация тартибида кўриб чиқиш даврида тўхтатиб турилади.
Меҳнат низолари бўйича даъво муддатларининг аниқлаштирилаётгани ходимларга берилган имкониятдир. Бу эса ҳар бир ходимнинг тақдирига масъулият билан ёндашиб, низони оқилона муддатларда кўриб чиқишга имкон беради. Бу ҳам юқорида айтилганидек, одамларнинг оворагарчиликларига барҳам беради.
Камолиддин Исмоилов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Фарғона туманлараро суди судьяси.
ЎзА