Суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг янги механизмлари жорий этилади
Муносабат
Мамлакатимизда аҳолининг суд ҳимоясида бўлиш кафолатларини янада кучайтириш, судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизими жорий этилмоқда.
Президентимиз томонидан жорий йил 9 июнь куни “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди.
Мазкур ҳужжат суд тизимида 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича эълон қилинган “фавқулодда ҳолат” доирасида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, соҳа фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фармон билан суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича мутлақо янги ёндашувлар жорий этилмоқда. Хусусан, Олий суд тизимида Комплаенс назорат хизмати ташкил этилиб, у суд аппарати фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, ходимлар томонидан қонунчилик ва касб этикаси талабларига риоя этилишини назорат қилиш каби вазифаларни амалга оширади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси суди, ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида комплаенс назорат бўйича инспектор лавозимлари жорий этилади. Бу эса коррупциянинг олдини олиш тизимини ҳудудларда ҳам самарали ташкил этиш имконини беради.
Маълумки, ҳар қандай соҳа ривожи етук мутахассислар иштироки билан таъминланади. Шу жиҳатдан фармонда кадрлар сиёсатига ҳам алоҳида эътибор қаратилган, яъни суд аппаратига ишга қабул қилиш жараёнлари очиқ танлов асосида ташкил этилиши назарда тутилган. Номзодларнинг касбий билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий фазилатлари, ҳалоллиги ва жамоада ишлаш қобилияти замонавий баҳолаш усуллари орқали аниқланади.
Бунинг учун 2026 йил якунига қадар вакант лавозимларни эълон қилиш ва номзодларни саралашга мўлжалланган “vacancy.sud.uz” портали ҳамда инсон ресурсларини бошқаришга ихтисослаштирилган “SudHR” электрон платформаси ишга туширилади. Уларда сунъий интеллект технологияларидан ҳам фойдаланиш назарда тутилган.
Ҳужжат билан суд аппарати ходимлари ва судьялар фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган электрон декларация тизимлари ҳам босқичма-босқич жорий этилади. Мазкур тизимлар орқали даромадлар, мол-мулк ва бошқа муҳим маълумотларни тақдим этиш ҳамда таҳлил қилиш жараёнлари автоматлаштирилади.
Коррупцияга қарши профилактик чора-тадбирларни кучайтиришга фармонда устувор аҳамият берилгани судьялар ва суд аппарати ходимларининг бу иллатга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш, улар учун “реал кейслар” асосида ўқув модулларини ташкил этиш ҳамда ҳар уч йилда малака ошириш курсларидан ўтиш шароитини назарда тутади.
Шу ўринда суд ишларини автоматик тақсимлаш дастурини такомиллаштириш ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу – соҳадаги ишларни тақсимлаш жараёнининг янада шаффоф бўлишини таъминлаб, инсон омили таъсирини камайтиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг институционал асосларини янада мустаҳкамлайди, кадрлар сиёсатида адолат ва меритократия тамойилларини кенг қарор топтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, аҳолининг одил судловга бўлган ишончи ва суд ҳимояси кафолатларини янада кучайтириш учун мустаҳкам замин яратади.
Ҳусанбой ОМОНОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Марғилон шаҳар судининг судья ёрдамчиси.
ЎзА