СУД ТИЗИМИДА АЁЛ РАҲБАРЛАРНИНГ ЎРНИ
Ўзбекистон тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, уларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилиш бўйича мутлақо янги бир тизим яратилди.
Янги жамият учун муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда гендер тенглиги масаласи бўйича янгича ҳуқуқий механизмлар жорий этилди.
Барча соҳаларда бўлгани каби суд органларида ҳам гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг одил судловни амалга ошириш жараёнидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тизимдаги ушбу ислоҳотлар ўзининг аниқ амалий натижаларини бермоқда.
Ҳозирги пайтда 250 нафардан ортиқ аёл судьяларимиз одил судловни амалга оширишдек ниҳоятда масъулиятли ва шу билан биргаликда шарафли касбда фаолият юритишмоқда. Аёл судьялар орасида энг қуйи суд тизимидан бошлаб, Олий судгача бўлган барча бўғинларда раҳбарлик лавозимларида ишлаётганликлари аёл судьяларимиз нечоғли билимли, зукко ва талабчан эканликларидан далолат беради.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши фаолиятида аёл судьяларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.
Бугунги кунда Судьялар олий кенгаши аъзоларининг 6 нафарини раҳбар аёллар ташкил этади.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Сенати Кенгашининг тегишли қарорига мувофиқ, Кенгаш фаолияти тарихида биринчи бор аёл судья – Бобохонова Нодира Алохоновна Кенгаш раисининг ўринбосари лавозимига сайланди.
Шунингдек, Каландарова Маликахон Пирназаровна, Эшматова Феруза Фарходовна, Рахимова Нигина Хайруллаевналар ўз фаолиятларини жамоатчилик асосида амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолари этиб, Шукурлаева Гули Юсуповна эса фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи Кенгаш аъзоси – Судьялар олий кенгаши судьяси этиб сайланди.
Айни пайтда Судьялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият юритувчи судьяси сифатида ишлаб келаётган Зиганшина Гўзал Равильевна билан биргаликда Кенгаш аъзоларининг 30 фоизини аёл судьялар ташкил этади. Бу “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифага тўла мос келади.
Бундан ташқари, кўп йиллар Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида самарали фаолият юритиб, катта тажриба орттирган малакали судья аёллар Болтаходжаева Ирода Абдукаримовна Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2026 йил 18 апрелдаги тегишли фармойишига асосан Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари ‒ фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси, Парпиева Гулнора Ахатовна – Тошкент вилоят суди раисининг ўринбосари ‒ фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланди.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда адолатли жамият барпо этиш, гендер тенгликни таъминлаш ва суд тизимини янада такомиллаштириш жараёнида аёл судьяларнинг ўрни ва роли алоҳида аҳамият касб этади. Хотин-қизларнинг жамиятдаги бундай нуфузи нафақат бугунги кун, балки келажак тараққиёти учун ҳам мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
ЎзА