Суд ҳужжатлари ижроси назоратда
Юртимизда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятининг нуфузи ва таъсирчанлигини кучайтириш мақсадида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони эса бу борада ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжатга асосан Мажбурий ижро бюросининг туманлараро ихтисослаштирилган ижро бўлимлари ташкил этилган. Жумладан, бюронинг Навоий туманлараро бўлими томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари асосида берилган қарздор жисмоний шахслардан маъмурий жарималар, солиқ қарзи ва давлат божини ундириш қарздорларнинг яшаш жойи ёки мол-мулки турган жойга бормаган ҳолда ахборот коммуникация технологияларини қўллаш орқали масофадан туриб амалга ошириб келинмоқда.
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари асосида берилган 6 минг 500 нафарга яқин қарздор жисмоний шахслардан 2 миллиард 700 миллион сўм маъмурий жарималар, солиқ қарзи ва давлат божлари ундирилди.
Биргина мисол. Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2023 йил 11 февралдаги қарздор М.С.дан 14 миллион сўм солиқ қарзини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати юзасидан давлат ижрочиси қарздор билан “CALL CENTR” орқали боғланиб, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилгач, қарздор томонидан солиқ қарзи тўлиқ қопланди.
Вилоятда Мажбурий ижро бюросининг туманлараро ихтисослаштирилган ижро бўлимлари томонидан бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА