Суд экспертизасининг ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Тошкент шаҳрида Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази ташкил этилганининг 75 йиллигига бағишланган “Суд экспертизасининг ривожланиш тенденциялари ва истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иш ҳолатларини илмий асосда аниқлаш, далилларга холис ва профессионал баҳо бериш ҳамда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини эксперт хулосалари билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
[gallery-31833]
Суд экспертлари томонидан берилган хулоса тергов ва суд органларига иш юзасидан далилларга баҳо беришда ҳал қилувчи ўринга эга бўлади. Бу эса, ўз навбатида, инсон тақдири, жамиятнинг одил судловга ишончи каби муҳим масалаларга бориб тақалади. Шундай экан, суд экспертлари адолатнинг энг яқин ёрдамчилари десак тўғри бўлади.
Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йилларда суд экспертизаси соҳасини янада ривожлантириш, давлат суд-экспертиза муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий асбоб-ускуналар ва технологиялар билан таъминлаш, суд-экспертлик фаолиятида нодавлат сектор иштирокини кенгайтириш, шунингдек, суд экспертларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, Давлатимиз Раҳбарининг 2026 йил 8 сентябрда “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун, нодавлат суд-экспертиза соҳасини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Маълумот учун, нодавлат суд эксперти сифатида якка тартибдаги фаолият юритишга рухсат этилди ҳамда нодавлат суд экспертлари томонидан тадқиқотларни ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасаларининг ускуналаридан вақтинча фойдаланиш йўлга қўйилди. Адлия вазирлиги ҳузурида Эксперт-малака комиссияси фаолияти йўлга қўйилди. Адлия вазирлиги томонидан “Э-экспертиза” электрон платформаси жорий этилиб, экспертиза тайинловчи органлар ва суд-экспертиза ташкилотлари ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилди. Жорий йилнинг 1-сентябрь кунидан мамлакатимизнинг олис ҳудудларида ҳам фаолият юритувчи суд-тергов органлари ҳамда экспертиза муассасаларига ишларни электрон асосда тайинлаш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, Республика суд экспертизаси марказига экспертиза тадқиқотлари ўтказиш бўйича “Суд-эксперт” портали орқали онлайн мурожаат қилиш имконияти яратилди. Янги экспертиза ва тадқиқот турларини жорий этиш ҳамда тадқиқотларни ўтказиш жараёнларига замонавий технологиялар, шу жумладан сунъий интеллект имкониятларидан босқичма-босқич фойдаланилмоқда. Мазкур ислоҳотлар суд экспертизасининг илмий, ташкилий ва амалий асосларини такомиллаштириш, экспертиза тадқиқотларининг сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий илм-фан ва технологиялар ютуқларини экспертиза фаолиятига кенг жорий этиш учун янги имкониятлар яратмоқда.
– Конференциянинг асосий мақсади суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган янгиликлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини кенг ёритиш, соҳанинг мавжуд имкониятларини намоён этиш ҳамда келгусидаги ривожланиш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат, –деди Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертиза маркази директори ўринбосари Учқун Узоқов. – Тадбир давомида суд экспертизасининг бугунги ҳолати, ривожланиш тенденциялари ва истиқболлари, экспертиза тадқиқотларининг замонавий услубиятлари, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, экспертиза сифатини ошириш ҳамда суд-экспертиза фаолиятини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий ва ташкилий масалалари муҳокама қилинди. Мазкур конференцияда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, олий ва илмий ташкилотлар ҳамда давлат суд экспертиза муассасалари раҳбарлари бевосита иштирок этди.
Конференцияда хорижий мутахассисларнинг иштироки суд экспертизасининг турли йўналишларида қўлланилаётган замонавий ёндашувларни ўрганиш, илғор экспертиза методикаларини муҳокама қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ва халқаро илмий-амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш имконини берди.
Тадбир доирасида илмий маърузалар, тақдимотлар ва муҳокамалар ташкил этилиб, суд экспертизасининг долзарб масалалари бўйича мутахассисларнинг фикр ва таклифлари тингланди. Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 75 йиллиги нафақат Марказнинг кўп йиллик фаолиятини сарҳисоб қилиш, балки мамлакатимиз суд экспертизаси тизимининг ривожланиш босқичларини таҳлил қилиш ва келгусидаги устувор вазифаларни белгилаш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, тадбирда Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг фаолияти, амалга оширилган ишлар ва келгусидаги ҳамкорликдаги вазифалар, Миллий хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ ишлар бўйича суд экспертиза салоҳиятини кенгайтириш, суд экспертизасида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш каби мавзуларда фикрлар алмашилиб, бу борада ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида хорижий меҳмонларга Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертиза маркази фаолияти таништирилди.
Тадбир эртага 9-октабр куни Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида давом эттирилади.
Гулноза Бобоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат),ЎзА