Субсидиядан самарали фойдаланиш зарур
“Ўзагроинспекция” нинг Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида сувни тежовчи технологиялардан унумли фойдаланиш масалалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси юзасидан инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан доимий назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Назорат тадбирлари давомида қарор ижроси юзасидан бир қатор ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Жумладан, Қамаши ва Китоб туманларида янги барпо этилган токзор майдонларига жорий этилган томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланилиши ва субсидия маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида 10 та ҳолатда жами 913 миллион 300 минг сўм бажарилмаган ишлар учун субсидия маблағларига қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган. Бу борадаги ҳужжатлар тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган.
Мисол учун, Китоб туманида фаолият юритиб келаётган “Панжи Кишмишзорлари” ишлаб чиқариш кооперациясига туман ишчи гуруҳи хулосасига асосан томчилатиб суғориш технологияси учун 280 миллион сўм, насос станцияси қурилганлиги учун 120 миллион сўм жами 400 миллион сўм субсидия маблағи тўлаб берилган. Амалда сифатлилик даражасини белгиловчи коэффициентга 80 миллион сўм қўшиб ёзилган. Ҳужжатларда қайд этилган насос станция қурилмаганлиги сабабли 120 миллион сўм жами бўлиб ишлаб чиқариш кооперациясига бажарилмаган ишлар учун 200 миллион сўм субсидия ортиқча тўланган.
[gallery-9300]
Бошқарма берган маълумотларга кўра, ўтган йилда 9145 гектар экин майдонида 409 та фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари томонидан томчилатиб суғориш технологияси жорий этилганлиги учун харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратилган.
“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимларининг соҳавий инспекторлари томонидан ушбу экин майдонларида доимий равишда профилактика тадбирлари ўтказилган. Шунга қарамай мониторинглар давомида 145 та фермер хўжалиги томонидан 3141 гектар майдонда 2022 йил ҳосили учун экилган қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб суғориш технологияларидан фойдаланилмаётганлиги аниқланди.
Жумладан, Миришкор туманидаги “Ҳайитов Обиджон”, Касби туманидаги “Абдуллаев Фозил Фармонович”, “Хўжам Холмуродов”, “Ширинбой Элбеги”, “Камол”, Косон туманидаги “Тоғаев Анвар”, Чироқчи туманидаги “Азизбек”, “Мейлиев Абдураззоқ” фермер хўжаликлари томонидан 2021 йилда пахта майдонларига жорий этилган томчилаб суғориш технологиясидан 2022 йил ҳосили учун экилган пахта майдонни суғоришда фойдаланмасдан экин анъанавий усулда суғорилган.
Маълумот ўрнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.02.2021 йилдаги 95-сонли қарорининг 5-боб 37-банди талаблари бузилганлиги яъни сувни тежайдиган суғориш технологиясини жорий қилишда давлат бюджетидан субсидия олган талабгорлар сувни тежайдиган суғориш тизимидан 5 йилдан кам бўлмаган муддатда мақсадли ва самарали фойдаланишлари лозимлиги белгиланган.
Мазкур қарорнинг 38-бандида агар жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш технологияларидан ёки унинг асосий қисмларидан суғориш мавсумида фойдаланилмаслик ҳолатлари аниқланса, ажратилган субсидия қуйидагича тартибда қайтарилади яъни иккинчи йилдан фойдаланилмаса субсидиянинг 80 фоизи, учинчи йилдан фойдаланилмаса субсидиянинг 60 фоизи, тўртинчи йилдан фойдаланилмаса субсидиянинг 40 фоизи, бешинчи йилдан фойдаланилмаса субсидиянинг 20 фоизи субсидия берган вазирлик ва идорага белгиланган тартибда қайтарилиши қайд этилган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.