Субсидия — имконият, самараси эса масъулият
Жамиятнинг тараққиётини унинг энг ҳимояга муҳтож қатламига бўлган муносабатидан ҳам билиш мумкин. Зеро, инсон қадри ҳақида гапириш осон, аммо бу қадрни амалда таъминлаш, имконияти чекланган инсонга муносиб шароит яратиш, унинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш — катта масъулият.
Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга ташаббус ва лойиҳаларини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу эса жамоат ташкилотлари зиммасига яна бир муҳим вазифани юклайди: яратилган имкониятни шунчаки қабул қилиб олиш эмас, балки уни одамлар ҳаётида сезиладиган натижага айлантириш.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан 2023 йилдан буён Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Бухоро вилоятида фаолият юритаётган вилоят Кўзи ожизлар жамияти, вилоят Карлар жамияти, вилоят Ногиронлар жамияти ҳамда вилоят Ногиронлар ассоциациясига субсидиялар ажратиб келинмоқда.
Мазкур маблағлар жамоат ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш ва жамият ҳаётида муносиб иштирок этишига кўмаклашишга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқариш учун муҳим молиявий манба бўлиб хизмат қилмоқда.


Бироқ масаланинг яна бир муҳим томони бор. Субсидия — бу шунчаки бюджетдан ажратилган маблағ эмас. Унинг ҳар бир сўми ортида давлатнинг эътибори, жамиятнинг ишончи ва инсон тақдирига дахлдор мақсад турибди.
Шунинг учун “маблағ ажратилди” деган рақамнинг ўзи етарли эмас. Асосий савол бошқа: бу маблағ эвазига қандай натижага эришилди? Кимнинг ҳаёти ўзгарди? Қайси муаммо ҳал этилди? Қайси инсоннинг имконияти кенгайди? Ана шу саволлар субсидиянинг ҳақиқий самарасини белгилайди.
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Бухоро вилоятида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишилиб, субсидия маблағларидан фойдаланиш ҳолати мониторинг тартибида ўрганилди.
Мониторинг жараёнида ажратилган маблағларнинг белгиланган мақсадларга мувофиқ сарфланаётгани, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг ижтимоий аҳамияти ва самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, мониторинг давомида жамоат бирлашмалари аъзолари сони, фаолиятга оид ҳужжатларнинг юритилиши, иш режаларида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши, ходимлар ўртасида хизмат вазифаларининг тақсимланиши ва ижроси, шунингдек, аъзолар ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати атрофлича ўрганилди.
Ўрганиш давомида айрим камчиликлар ва янада эътибор қаратишни талаб этадиган жиҳатлар ҳам аниқланди. Уларни бартараф этиш, келгусида маблағлардан янада самарали фойдаланиш ва ишларни тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. Бу эса бир ҳақиқатни яна бир бор кўрсатади: назорат бор жойда масъулият, масъулият бор жойда эса натижа бўлади.


Шу нуқтаи назардан қараганда, Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссияси томонидан мазкур жамоат ташкилотларига ажратилган субсидия маблағларининг мақсадли сарфланганлиги ҳамда мониторинг гуруҳи томонидан аниқланган камчиликлар ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишда комиссия аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, вилоят ҳокимлигининг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Йиғилишни Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Ижтимоий шериклик комиссияси раиси С.Сиддиқова бошқарди.
Муҳокамалар давомида маблағларнинг белгиланган вазифаларга мувофиқ ишлатилиши, амалга оширилган ишлар, уларнинг ижтимоий аҳамияти ва аҳоли учун берган амалий натижаларига эътибор қаратилди.
Ижтимоий соҳада сарфланган маблағни фақат бухгалтерия ҳисоботи ёки амалга оширилган тадбирлар сони билан ўлчаб бўлмайди. Чунки бу ерда рақамлар ортида инсон тақдири бор. Бир инсоннинг ишли бўлиши, бир оиланинг даромад манбаи пайдо бўлиши, ногиронлиги бўлган шахснинг касб эгаллаши, жамоат ҳаётида ўзини эркин ҳис қилиши, ўз қобилиятини намоён этиши — субсидиянинг энг катта самарасидир.
Шу боис ҳар қандай ижтимоий лойиҳа “қанча маблағ ўзлаштирилди?” деган савол билан эмас, аввало, “қанча инсонга наф келтирди?” деган мезон билан баҳоланиши керак. Маблағнинг ўзлаштирилиши — жараён. Унинг натижаси — одамлар ҳаётидаги ўзгариш. Ана шу икки тушунча ўртасида катта фарқ бор.

Бугунги мониторинг ва жамоатчилик назоратини фақат камчилик излаш ёки кимнидир жазолаш воситаси сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Аксинча, бундай жараёнлар ижтимоий шериклик механизмларини янада такомиллаштириш, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, маблағларнинг шаффоф ва манзилли сарфланишини таъминлаш учун муҳим воситадир.
Энг муҳими, мониторинг жамоат ташкилотларининг ўз фаолиятига танқидий ва масъулиятли ёндашишига, йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этишига ва ҳар бир лойиҳани аниқ натижа асосида ташкил этишига хизмат қилиши лозим. Чунки давлат томонидан берилган имконият қанчалик катта бўлса, унга яраша масъулият ҳам шунчалик залворли бўлади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан фуқаролик жамияти институтларига берилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш — жамиятда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим бир кўринишидир. Бундай имкониятлар жамоат ташкилотларига ўз фаолиятини кенгайтириш, янги ташаббусларни илгари суриш ва одамларга яқинроқ бўлиш имконини бермоқда. Бироқ имкониятнинг қадри унинг ҳажми билан эмас, ундан қандай фойдаланилгани билан белгиланади.


Субсидияни олиш — масъулиятнинг бошланиши. Уни мақсадли сарфлаш — бурч. Аниқ ижтимоий натижага эришиш эса — давлат ва жамият ишончини оқлашдир.
Шундай экан, ҳар бир жамоат ташкилоти ажратилган маблағга ўз маблағидек эмас, халқнинг ишончи, давлатнинг эътибори ва инсон манфаатига берилган имконият сифатида қараши зарур. Зеро, давлат маблағининг ҳақиқий самараси ҳисобот қоғозларида эмас, инсон ҳаётида кўринади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири