Суғурта инфратузилмаси кенгаймоқда
«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.«Ўзбекинвест» суғурта компанияси раиси Ф.Саидаҳмедов ва бошқалар ҳисобот даврида суғурта хизматлари сифатини ошириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, маҳаллий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, мижозлар талаб ва эҳтиёжларини пухта ўрганишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини берганини таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган жорий йилги иқтисодий дастурнинг муҳим устувор йўналишлари бўйича компанияда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, дастурга киритилган 47 лойиҳага умумий қиймати 14 триллион сўм суғурта ҳимояси тақдим этилди. Бу борадаги кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 119 фоизни ташкил этди.
Хизмат кўрсатиш турларини тарғиб қилиш мижозларни жалб этишнинг энг самарали йўли ҳисобланади. Шу боис бугунги кунда молия муассасалари барқарор натижага эришиш мақсадида ҳудудий тузилмаларни кўпайтирмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида «Ўзбекинвест» суғурта компаниясининг Фарғона вилояти филиали негизида Қува ва Бешариқ, Бухоро вилоятининг Олот, Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай, Тошкент шаҳрининг Сергели, Шайхонтоҳур ва Мирзо Улуғбек туманларида суғурта бўлимлари очилиб, уларнинг сони қарийб 130 тага етди.
Компания маҳаллий экспортчиларни комплекс суғурталаш бўйича фаол иштирок этмоқда. Кўрсатилган бундай хизматлар ҳажми 113,4 миллиард сўмни, жумладан, 3,7 миллион долларни ташкил этди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт шартномаларини cуғурталаш бўйича 25 миллиард сўм мажбуриятлар қабул қилинди. Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гилам, ип ва трикотаж маҳсулотлари, нотўқима мато, автоэҳтиёт қисмлар бўйича тақдим этилган суғурта хизматлари шулар сирасидандир.
“Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги ва “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунлар ижросини таъминлаш компаниянинг асосий фаолият йўналишларидан биридир. Ўтган даврда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича йиғилган суғурта мукофотлари ҳажми 1,8 миллиард сўмни, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси бўйича суғурта мукофотлари 2,8 миллиард сўмни ташкил этди.
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси доирасида ёши улуғ инсонларни бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилиш бўйича янги «Эътибор» суғурта тури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Тадбирда компания филиаллари, бўлинма ҳамда хизмат кўрсатиш агентликлари орқали аҳолига тақдим этилаётган суғурта хизматларини кенгайтириш ва йўл қўйилаётган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.