Суғурта бозори такомиллашмоқда
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида соҳадаги ўзгаришлар, хусусан, “Ўзагросуғурта” давлат акциядорлик компанияси фаолиятида мижозлар билан ишлаш ва интерфаол хизматлар даражасини оширишда CRM тизимини жорий қилиш тўғрисида сўз борди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида суғурта фаолияти ва назоратининг ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, суғурта хизматлари бозор иқтисодиёти шароитида корхона ва ташкилотларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя этувчи самарали механизмдир. Соҳада татбиқ этилаётган янгилик ва ўзгаришлар бунинг ёрқин мисолидир.Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида соҳадаги ўзгаришлар, хусусан, “Ўзагросуғурта” давлат акциядорлик компанияси фаолиятида мижозлар билан ишлаш ва интерфаол хизматлар даражасини оширишда CRM тизимини жорий қилиш тўғрисида сўз борди.
“Ўзагросуғурта” компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари И.Нурмуҳамедов ва бошқалар ахборот-коммуникация технологиялари салоҳияти ўзаро муомала қилиш ва ахборот айирбошлашнинг принципиал жиҳатдан янги имкониятларини очиши, бу иқтисодий ислоҳотлар ва мамлакатнинг демократик ривожланиши жараёнларини жадаллаштириш имконини беришини таъкидлади.
Компания электрон маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида 2007 йилдан бошлаб VPN тизимини аввал дирекциялараро, сўнгра ҳудудий бўлинмалар ва дирекциялар ўртасида жорий этди. Барча юмушлар корпоратив тармоқлар орқали амалга оширила бошланди. Бу, ўз навбатида, бир қатор қулайликларни юзага келтирди. Суғурта шартномалари электрон базасини марказлаштириш, электрон хатлар тизими онлайн тарзда ишлаши, шартномалар ҳисоботини кўриш ва электрон почта тизимидан самарали фойдаланиш шулар сирасидандир.
2010 йилдан буён компания “Ўзбектелеком” миллий провайдери билан ҳамкорлик қилмоқда. Замонавий коммуникация тизимларидан унумли фойдаланиш ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида ўтган йили компания бошқаруви ва дирекцияларининг ўтказувчанлик каналлари қуввати ва интернет тармоғи тезлиги оширилди. Солиқ, статистика, пенсия жамғармаси ва бошқа ҳисоботларни электрон шаклда тақдим этиш имконияти яратилди.
“Ўзагросуғурта” компанияси моддий-техник базасини янгилаш мақсадида замонавий компьютерлар билан тўлиқ таъминланиб, янги сервер қурилмалари харид қилинди. Ҳозир электрон ҳужжат алмашинуви бўйича “PEGAS” электрон дастурий таъминотидан самарали фойдаланилмоқда. Бу тизимда электрон ҳужжат алмашиш даражасини кенгайтирмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 3 апрелдаги “Иқтисодиётнинг реал секторларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу қарор ижросини таъминлаш, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида дунёнинг етакчи дастурловчи компанияларидан бири – TERRASOFT компаниясининг CRM, BPMONLINE платформасига ўтиш бошланди.
– Бу тизим ёрдамида мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ва тезлиги ошади, – дейди компания матбуот хизмати раҳбари Дилобар Муҳаммаджонова. – Бундан ташқари у солиқ, статистика каби идоралараро электрон алоқаларни янада такомиллаштиришда қўл келади. Йил охирида ушбу тизим тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Айни пайтда бу тизимнинг яна бир хизмат тури – VOIP лойиҳасини ишга тушириш бўйича етакчи ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Тадбирда суғурта бозори инфрастуруктурасини ривожлантириш истиқболлари, профессионал иштирокчилар фаолиятини назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш мавзусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.