Стандартларга жавоб бермайдиган сифатсиз лампалар савдодан чиқарилди
Сифатли ва хавфсиз маҳсулот истеъмолчи ҳуқуқларининг ажралмас қисми. Бироқ, бугунги кунда бозордаги ҳар бир буюм ҳам белгиланган давлат стандартларига тўлиқ жавоб беравермайди. Шу боис, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Эркин” савдо мажмуасида жойлашган “Ш М Т” масъулияти чекланган жамиятига қарашли савдо тармоғида навбатдаги назорат хариди амалга оширилди. Инспекциянинг вилоят бўлими мутахассислари томонидан ўтказилган ушбу тадбир давомида Хитойда ишлаб чиқарилган “6 wт MY03213” русумли лампа маҳсулоти шубҳа остига олиниб, унинг сифат кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида лаборатория синовларига юборилди.
Лаборатория хулосалари маҳсулот ўта чидамсиз ва сифатсиз эканини кўрсатди. Хусусан, лампа 50 °C ҳароратда бор-йўғи 2 соат сақланганда бутунлай ишдан чиқди. Шунингдек, -40°C ҳароратда совуқдаги синовлар ҳам кутилган натижани бермади — қурилмада жиддий носозликлар аниқланди.
Ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонуни талабларига мутлақо зид бўлиб, маҳсулотнинг истеъмол учун яроқсиз эканини тасдиқлади. Аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш ҳамда сифатсиз маҳсулот тарқалишининг олдини олиш мақсадида “Ш М Т” МЧЖ савдо тармоғига ушбу лампаларни савдодан чиқариш бўйича мажбурий тақдимнома киритилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА