Спортсевар аёллар фестивали
Фестиваль Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари томонидан ташкил этилди.
Тошкент молия институти спорт мажмуасида “Спорт – нафислик ва саломатлик манбаи” шиори остида вазирлик, корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган аёллар ўртасида спортнинг сузиш, шахмат, стол тенниси, бадминтон, енгил атлетика ва гимнастрада турлари бўйича фестиваль ўтказилди.
Фестиваль Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари томонидан ташкил этилди.


Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Э.Боситхонова мамлакатимизда спортнинг аёлларга хос турларини ривожлантириш ва шу орқали уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган самарали ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, вазирлик, корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган аёл ходимларнинг бўш вақтларида спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун юртимизда зарур имкониятлар яратилганини таъкидлади.
Жумладан, хотин-қизлар ўртасида бўлиб ўтган “Спорт – нафислик ва саломатлик манбаи” спорт мусобақалари ҳам уларнинг ҳар томонлама соғлом бўлишлари учун хизмат қилиши шубҳасиз.


“Спорт – нафислик ва саломатлик манбаи” шиори остида ўтган фестивалда 24 та жамоа таркибида 12 нафардан иштирокчи спортнинг олти тури бўйича ўзаро рақобатлашди.
Тадбир якунига кўра барча жамоалар турли номинациялар бўйича ғолиб, деб эътироф этилди, ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

