Спортчиларнинг таклифлари эшитилди
Наманган Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Ёшлар куни” муносабати билан ёшлар ва спортчилар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда спорт соҳаси мутасаддилари, масъул ташкилотлар вакиллари ҳамда ёш спортчилар иштирок этиб, спортни ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Мулоқот давомида мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёш спортчилар учун яратилаётган замонавий шароитлар, халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиш имкониятлари ҳамда соҳанинг истиқболли режалари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, таклиф ва ташаббусларини билдиришди.

Тадбирда сўзга чиққан мутасаддилар спорт ёшларнинг жисмоний ва маънавий камолоти, уларда интизом, матонат ва ғалабага интилиш каби фазилатларни шакллантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.

– Спорт нафақат соғлом турмуш тарзининг асоси, балки ёшларни юксак мақсадлар сари етаклайдиган ҳаёт мактабидир. Бугун спорт билан шуғулланаётган ҳар бир ёш келажакда мамлакатимиз нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади, – деди спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов.

Тадбир якунида республика ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган бир гуруҳ спортчилар ҳамда уларнинг мураббийлари тақдирланди.
Таъкидланганидек, бундай очиқ мулоқотлар ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларни янги ютуқлар сари руҳлантириш ва иқтидорини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Н. Раҳмонова, ЎзА