Спорт журналистикаси: Ўзгаришларнинг янгича талқини
Ахборот майдонида энг серқирра йўналишлардан бири спорт журналистикаси ҳисобланади. Футболдан халқ ўйинларигача, спорт таълимидан соғлом турмуш тарзигача бўлган бир неча йўналишларни бир майдонга жамлаган спорт журналистикаси мамлакатимизда жадал ривож топмоқда.
Бир пайтлар юртимизда ахборот соҳасининг ушбу йўналишида саноқлигина журналистлар фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони бир неча юз бараварга ошди.
Ҳозирда ушбу жабҳада фаолият кўрсатаётган соҳа вакиллари турли ракурсларда мамлакатимиз ва халқаро спорт майдонида рўй бераётган воқеликлар, янгиликлар, ўзгаришлар, жараёнлар тўғрисида қизиқарли ва мушоҳадали материаллар тайёрлаб, кенг ўқувчилар ҳукмига ҳавола этиб келмоқда.
[gallery-30222]
Бутун, 2 июль - Халқаро спорт журналистлари куни. Ушбу сана муносабати билан мамлакатимиздаги бир қатор спорт ташкилотларида учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Хусусан, Ўзбекистон футзал федерацияси ва Ўзбекистон дзюдо федерациясида ўтказилган учрашувларда иштирок этган ЎФФ президенти Бекзод Маматқулов, мамлакат дзюдо федерацияси бош котиби Азиз Собиров, Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Зафар Имомхўжаев, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов, ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов, таниқли футбол шарҳловчилари Хайрулла Ҳамидов, Даврон Файзиев ва бошқалар спорт журналистикасининг ҳаётимизда тутган ўрни, юртимизда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ўзбек спортининг шонли ғалабаларини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги ишларда самарадорликка эришиш хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ўтказилаётган комплекс спорт мусобақалари, бунёд этилаётган муҳташам спорт иншоотлари, юртимиз спорт инфратузилмасидаги беқиёс ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти, янги Ўзбекистон спортининг халқаро майдондаги юксак ғалабалари аҳамиятини тўлақонли очиб беришда, халқимизнинг бир мақсад атрофида жипслигини таъминлашда спорт журналистикасининг алоҳида ўрни бор.
Ўзбекистон футзал федерацияси ҳамда мамлакат дзюдо федерациясида ўтказилган тадбирлар давомидаги мулоқот ва суҳбатлар жараёнида бир гуруҳ спорт журналистлари эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, А.Мамадаминов (сурат), ЎзА