Спорт юртни жаҳонга танитади
Бугун қай бир спорт турини олиб қараманг, спортчиларимиз халқаро майдонларда Ватан байроғини баланд кўтариб, юқори натижаларни қўлга киритишмоқда.
Ҳа, спортчиларимиз эришаётган юксак натижалар Ўзбекистон деб аталмиш озод ва обод диёрда спортни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилаётганлигининг самарасидир.

Спортчиларимиз эса бундай юксак эътибордан руҳланиб, Ватанимиз шаънини бутун дунёга ёймоқда, албатта, ўсиб келаётган ёш авлод ҳеч кимдан ҳеч қачон кам бўлмагани ва кам бўлмаслигини яна бир бор исботлашмоқда. Бундай муваффақиятларда навоийлик спортчиларнинг ҳам ўз ўрни бор. Жумладан, жорий йилнинг 19-24 октябрь кунлари Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтган V Параосиё ўйинларида иштирок этган навоийлик Сардор Бахтиёров 100 метрга эркин усулда сузиш бўйича кумуш, 50 метрга эркин усулда сузишда эса бронза, Диас Мирманов 200 метрга комплекс усулда сузишда кумуш, 400 метрга эркин усулда сузишда бронза, Жаҳонгир Халилов пара велоспорт (шоссе) баҳсларида, Муҳаммад Рихсимов ядро улоқтиришда бронза медалини қўлга киритди.




Дарҳақиқат, бугун дунёнинг энг ривожланган давлатлари спортчилари ҳар қандай спорт мусобақасида бизнинг спортчиларимиз билан ҳисоблашишяпти. Ютуқ ва ғалабаларимизнинг таг замирида эса мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга бўлган эътибор ётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Айниқса, спортни маҳалла даражасига олиб тушиш, ёшларни оммавий спортга жалб этиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
- Айни вақтда Навоий вилоятида 18 та спорт таълим муассасасида қарийб 700 нафар мураббий фаолият юритмоқда, - дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Муртазоев. - Ушбу муассасаларда 19 минг нафардан зиёд ёшлар турли спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб, ўз маҳоратини оширмоқда. Албатта, спортни оммалаштиришда моддий-техник базанинг мустаҳкамлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Вилоятда мавжуд 12 та спорт иншооти, 16 та стадион ва 20 та бассейн аҳолининг жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун хизмат қилмоқда. Эътиборлиси, спорт инфратузилмасини ривожлантириш ишлари маҳаллаларда ҳам изчил давом этмоқда. 24 та маҳаллада янги спорт майдончалари ташкил этилди. Уларнинг 7 таси универсал спорт майдони, 16 таси стритбол майдончаси, биттаси эса воркаут майдончасидан иборат. Бу каби иншоотлар, аввало, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни зарарли одатлардан асраш ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.

Халқимиз орасида оммалашган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ҳам мазкур жараёнда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилда лойиҳа доирасида умумий қиймати 4,2 миллиард сўмлик спорт объектлари фойдаланишга топширилган. Жумладан, Зарафшон шаҳри спорт мактаби ҳудудида жамоавий спорт турларига ихтисослашган, 1,4 миллиард сўмлик спорт зали, Нурота тумани спорт мактабига қарашли Қизилча маҳалласида 1,4 миллиард сўмлик спорт зали, Кармана тумани спорт мактабига қарашли Жалойир маҳалласида эса бокс спортига ихтисослашган, 1,4 миллиард сўмлик иншоот фойдаланишга топширилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида умумий қиймати 9,5 миллиард сўмлик яна 6 та спорт иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят спортчиларининг республика миқёсидаги мусобақаларда эришаётган натижалари ҳам вилоятда спортга берилаётган эътибор самарасидир. Жорий йилнинг ўтган даврида спортчилар Ўзбекистон чемпионатлари ва кубокларида қарийб 1300 та олтин, кумуш ва бронза медалини қўлга киритган. Ўтган йилнинг тўққиз ойида ушбу кўрсаткич 1100 тани ташкил этган эди. Шунингдек, Осиё чемпионатлари ва кубокларида қўлга киритилган медаллар сони 61 тага етди.
Жорий йилнинг тўққиз ойида вилоят спортчилари халқаро ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда 113 та медални қўлга киритишган. Жумладан, “Марказий Осиё очиқ чемпионати”да 55 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Баҳодир Бекпўлатов даст кўтаришда 86 килограмм, силтаб кўтаришда 105 килограмм натижа қайд этиб, чемпионликни қўлга киритди. Қозоғистонда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Навоий олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази тарбияланувчиси Шаҳризода Мавлонова олтин ва кумуш медалларга эга бўлди. Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ҳам вилоят спортчилари делегациямизга олтин медаль тақдим этишди.
Юнон-рум кураши бўйича 17 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Бунёд Ҳасанов олтин медаль олиб, икки карра жаҳон чемпионига айланди.

Пара спортчиларнинг муваффақиятлари ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Пара енгил атлетика бўйича Гран-при мусобақасида Жамолиддин Акобиров олтин медални қўлга киритган бўлса, пара сузиш бўйича жаҳон сериясида Сардор Бахтиёров ва Диас Мирманов ғолиблар қаторидан жой олишди. Пара пауэрлифтинг бўйича Осиё чемпионатида Умид Эшбоев иккита олтин медалга сазовор бўлди. Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатида Маржона Абдумуталова олтин медаль олган бўлса, спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогида Аҳрорхон Темирхонов бронза медалини қўлга киритди.
2026 йилги Осиё ўйинларида Шаҳризода Мавлонова байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 500 метр масофага тўрт кишилик баҳсларда кумуш медални қўлга киритиши ҳам Навоий вилояти спорти тарихидаги муҳим натижалардан биридир.

Бугунги кунда вилоятдан 716 нафар спортчи Ўзбекистон миллий терма жамоасига қабул қилинган бўлса, 10 минг 314 нафар разрядли ва 238 нафар унвонли спортчи мавжуд.
А.Бўриев, ЎзА мухбири