Спорт вазири Янги Тошкент стадионининг қурилиш жараёни билан танишди
Шу кунларда Янги Тошкент ҳудудида FIFA талаблари асосида Осиёдаги энг замонавий футбол ареналаридан бири қад ростламоқда.
55 минг томошабинга мўлжалланган 6 қаватдан иборат мазкур замонавий стадионнинг қурилишига 2025 йил 11 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан тамал тоши қўйилганди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов қиймати 100 миллион АҚШ долларидан иборат стадионда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.
Айтиш лозимки, стадион ҳудудида 3 та қўшимча машғулот майдони, 5 минг 500 ўринли автотураргоҳ, метро бекати ҳамда томошабинларнинг қулай ҳаракатланиши учун 10 дан ортиқ эскалатор барпо этилиши назарда тутилган.
Мазкур спорт мажмуаси 2027 йили Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтадиган FIFA U-20 Жаҳон чемпионати учрашувларига мезбонлик қиладиган асосий стадионлардан бири саналади.

Қурилиш ва бунёдкорлик ишларини олиб бораётган қурувчи ва муҳандислар амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан батафсил маълумот берди.
Қурувчи ва муҳандислар билан суҳбат жараёнида ушбу бетакрор стадион ва унинг тизимидаги мажмуалар мамлакатимизда футболнинг ва ёшлар спорти ривожига хизмат қиладиган муҳим масканлардан бири бўлиши таъкидланди.
Мулоқот давомида қурилиш жараёнини белгиланган муддатларда ва сифатли якунлаш, стандартларга риоя этиш зарурлиги айтилиб, инфратузилма объектларининг коммуникация ва техник тузилмалари юзасидан зарур тавсиялар билдирилди.
Т. Рўзиев, ЎзА