Спорт тадбирлари керак ва зарур
Талаба-ёшларда жисмоний тарбия ва спортга бўлган ҳавас ҳамда интилишни қўллаб-қувватлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини янада кучайтириш, ёш иқтидорли спортчиларни танлаб олиш, уларда профессионал маҳорат ва кўникмаларни ривожлантириш, спорт турлари бўйича мамлакат терма жамоаларига спорт захирасини тайёрлаш ҳамда порт машғулотларига узлуксиз жалб этишда университетимизда олиб борилаётган спорт тадбирларининг тутган ўрни беқиёс.
Жисмоний тарбия – талаба-ёшларни жисмоний тайёрлашда, уларни жисмоний ривожланишини янада оширишда, соғлигини сақлаш ва саломатлигини мустаҳкамлашда, келгуси профессионал фаолиятида сермазмун ҳамда ижодий ишлашида муҳим стратегик фан сифатида янада такомиллашиб, ривожланиб бормоқда.

Жисмоний тарбия машғулотлари талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ватан ҳимоясига тайёрлашда катта имкониятларга эга. Жисмоний тайёргарлиги юқори бўлган ҳарбий хизматчилар, жисмоний тайёргарлиги паст бўлган ҳарбий хизматчиларга нисбатан жанговор топшириқларни 1,5-2 баробар тез ва сифатли бажариши тадқиқотларда исботини топган. Ишлаб чиқариш корхоналарида ишчиларни жисмоний тарбияга жалб қилишни 2 фоизга ошириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини 6 фоизга ошишига олиб келиши ҳам исботланган ҳолат.
Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган ўқувчилар ва талаба-ёшларни фанлардан ўзлаштириши шуғулланмайдиганларга нисбатан 20 фоиз юқори бўлиши ҳам амалий жиҳатдан аниқланган.

Ҳозирда чет мамлакатлар олий таълим муассасаларида талаба-ёшлар жисмоний тарбиясидаги замонавий технологиялар чуқур ўрганилмоқда. Хорижий давлатларда жисмоний тарбия масалалари, жумладан машғулотлар бизга қараганда нисбатан индивидуал-шахсий характерга эга. Ҳар бир талаба ўз саломатлиги ва спорт ютуқларини яхшилашни ўз олдига ўқишдаги асосий мақсадларидан бири сифатида қарайди ва унга шахсий ёндошади. Уларни машғулотларга қатнашиши ҳам ўзи учун энг қулай бўлган вақтга режалаштирилади. Бундай ёндошув улар жисмоний тарбиясини яхшиланишига катта ёрдам беради. Талаба ўзи учун энг қулай вақтда машғулотга келади, машқ қилади ва унинг иштироки электрон дафтарларга дастур асосида қайд қилиб борилади. Улар ёшга хос саломатлик ва жисмоний тайёргарлик ҳамда жисмоний ривожланиш индексларига мувофиқ ўқув йиллари давомида электрон баҳоланиб борилади.

Бугунги кунда дунё халқларининг миллат генофондини сақлаш ва мустаҳкамлашда жисмоний тарбия воситалари етакчи ўринни эгалламоқда. Бунда оила, таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналарида олиб борилаётган ишлар муҳим ҳисобланади. Ҳар бир оила бошлиғи, таълим муассалари раҳбарлари ўз жамоаси аъзоларининг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш юзасидан режали тадбирлар олиб боради. Бир қараганда саломатлик давлат аҳамиятига эга бўлган устувор йўналиш сифатида етакчилик қилсада, лекин ҳар бир шахс ёшлик чоғлариданоқ ўз саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиши кундалик ҳаёт тарзида алоҳида тадбир ҳисобланади ва у шахснинг келгуси соғлом ҳаётида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнини халқаро стандартларга мослаштириш ва бошқарув тизимини рақамлаштириш, педагогик ва илмий салоҳиятни янада ошириш ҳамда илмий-тадқиқот ишлари сифатини тубдан яхшилаш, илғор хорижий спорт-таълим технологияларини жорий қилиш орқали юқори натижаларга эришиш ҳукуматимиз томонидан қўйилган вазифаларни ҳал қилишда олиб борилаётган асосий ислоҳатлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Талаба-ёшлар кундалик ҳаётида жисмоний тарбия ва оммавий спорт масалалари ўқув-тарбия жараёнидаги муҳим тадбирлар комплексини ташкил қилади. Талабалар ўқув йиллари давомида танлаган соҳаси бўйича касбий малака ва кўникмаларни эгаллаш билан бир вақтда келгуси ҳаётида зарур бўлган саломатлик ва жисмоний фаоллик асосларини ҳам такомиллаштириб боради. Улар ўқув режаси бўйича жисмоний тарбия машғулотларида, спорт тўгаракларида, спорт мусобақаларида иштирок этади ва ўз жисмоний тайёргарлигини ошириб боради. Талабалар ўқув куни тартибида ақлий меҳнат ҳажми юқори бўлсада, уни жисмоний фаоллик билан мувофиқлаштириб бориш замонавий яшаш тарзининг муҳим талаби ва эҳтиёжи сифатида етакчилик қилади. Шу сабабли ҳар бир замонавий талаба, бўлажак мутахассис ўз ҳаёт фаолиятида жисмоний тарбия ва спортга алоҳида мажбурий ва ихтиёрий тадбир сифатида қараши ва унга кун давомида камида 45-60 минут вақт ажратиши зарур.

Ўтказилган тадқиқотларга кўра, бугунги кунда ҳар 100 талабадан 27 нафари бир кунда жисмоний маданият машғулотлари учун 15 дақиқадан, 29 таси 20, 26 таси 30, 7 таси 40, 4 таси 50, 2 таси 60, 2 таси 70 ва 3 таси 90 дақиқадан вақт ажратган. Натижалардан кўриниб турибдики, бу кўрсаткичлар талаб даражасида эмас. Тараққий этган давлатларда, масалан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Финляндия, Хитой, Корея, Япония каби давлатларда бу кўрсаткичлар анча юқори.
Жисмоний тарбия халқимизнинг қадимий қадриятларидан биридир. “Соғлом танда соғ ақл”, “Саломатлик – туман бойлик”, деган халқ мақоллари бежиз айтилмаган. Саломатликни сақлаш ва мустаҳкамлашда жисмоний машқлар, табиатнинг соғломлаштирувчи кучлари (сув, ҳаво, қуёш, тупроқ ва бошқалар)дан фойдаланиш касалликларни олдини олиш, иш қобилиятини ошириш, кайфиятни кўтариш, ўқув меҳнати самарадорлигини таъминлаш, узоқ, самарали ва ижодий умр кўришда муҳим аҳамиятга эга. Энг оддий жисмоний машқларни бажариш ҳам организмда ижобий ўзгаришлар юзага келишига сабаб бўлади.

Аҳоли, айниқса, талаба-ёшлар кундалик ҳаётида жисмоний тарбиянинг аҳамиятини янада ошириш мақсадида Президентимиз томонидан кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Жумладан, ўтган 3 йил мобайнида Давлатимиз раҳбарининг 2020 йи 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ва 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонлари, 2021 йил 5 ноябрдаги “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “воркаут” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҳамда 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорлари қабул қилингани фикримизнинг яққол исботи бўлади.
Эътиборлиси, қабул қилинган ушбу ҳужжатлар самарасида аҳоли яшаш жойларида велоспед йўлаклари, воркаут, стретбол майдончалари ташкил қилинди, “5000 қадам”, “10000 қадам” каби саломатлик марафонларига асос солинди. Гимнастикани бутун малакат бўйлаб ривожлантириш, гимнастика марказларини ташкил қилиш ишлари йўлга қўйилди.
Бугунги кунда ислоҳотларнинг, шу жумладан жисмоний маданият машғулотларининг асосий йўналишлари – замонавий технологиялар шароитида аҳолининг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга, жисмоний маданият машғулотларида ўқувчи ва талаба-ёшларни соғлом жисмоний ривожланишини ва жисмоний тайёргарлигини таъминлашга, ўқувчи ва талаба-ёшларда соғлом турмуш тарзи малака ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Шунингдек, ақлий ва жисмоний меҳнатни мувофиқлаштириб бориш ҳамда келгуси меҳнат фаолиятида жисмоний маданият машғулотлари билан мустақил шуғулланишни одатга айлантиришга ҳамда оилада, яшаш жойида, меҳнат жамоасида жисмоний маданиятни, оммавий спортни, соғломлаштирувчи гимнастикани тарғиб қилиш, спорт йўриқчиси малакаларига эга бўлишга қаратилган.
Олиб борилаётган ислоҳотлар ва амалга оширлаётган тадбирлар натижасида аҳолининг оммавий жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш даражаси сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бу умум аҳоли сонига нисбатан, 2020 йилда 19 фоиздан 2021 йилда 28 фоизга кўтарилган бўлса, 2025 йилга бориб бу натижани 40 фоизга кўтариш мутасаддилар зиммасига юклатилган. Шу ўринда, бу кўрсаткич Япония, Хитой, АҚШ, Германия каби ривожланган мамлакатларда 60 фоиздан юқори эканини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Шунингдек, ислоҳатлар жараёнида таълим муассасаларида жисмоний маданият бўйича ўтказилаётган машғулотлар сифатининг пастлиги, оммавий мусобақалар кам ўтказилиши, кўргазмали чиқишлар йўқлиги ва бошқа бир қатор сабаблар соҳадаги асосий муаммолар ҳисобланади. Узлуксиз таълим тизимида жисмоний тарбия фанининг ўқитилиши муҳим аҳамиятга эга. Таълим тизимининг алоҳида бир бўғинида жисмоний тарбия машғулотларининг сифатсиз ўқитилиши, иккинчи бир бўғинида бу жараённинг самараси пасайишига олиб келади. Талаба-ёшларнинг жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишида уларни мактаб даврида жисмоний тарбия фанининг яхши ўқитилиши муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Университет таълим жараёнида, жисмоний тарбиядан аксари ҳолатларда мактаб давридаги бой берилган имкониятларни тузатиш, жойига қўйиш учун кўп вақт талаб қилинади.
Бу ўз навбатида жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш масалаларига салбий таъсир қилади.
Ўзбекистон Республикаси тараққиёт стратегиясида белгиланган 67-мақсадда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шугулланадиган фуқароларнинг сонини 2026 йилда 33 фоизга чиқариш, республика ёшлари ўртасида миллий спорт турлари ва халқ уйинларини ривожлантириш лозимлиги таъкидланган. Шунингдек, юртимизнинг чекка ҳудудлари ва қишлоқларида соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш, барпо этиладиган ҳар бир “Яшил худуд”да югуриш, велосипедда ҳаракатланиш учун “Саломатлик йулаклари” ҳамда бадминтон, стритбол ва воркаут майдончаларини ташкил этиш белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар ходимларини ва аҳолини спорт тадбирларига жалб килиш, улар ўртасида мусобақалар ташкил килишга ҳам катта аҳамият берилган.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида университетимизда талаба-ёшларимиз жисмоний тарбиясини янада такомиллаштириш учун ташкил қилинаётган тадбирлар самарадорлигини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Талаба-ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб қилиш, улар ўртасида мусобақалар ўтказиш учун етарли замонавий шароитлар яратилган.
4 та спорт саройи, 2 та сунъий қопламали футбол майдони, баскетбол майдони, югуриш йўлаклари, воркоут майдончаси, катта футбол майдони ва профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун замонавий фитнес зали намунали хизмат кўрсатмоқда. Университетда жисмоний маданият, волейбол, кураш, хотин-қизлар спорти бўйича малакали мутахассислар тайёрланаётир.
Жисмоний маданият факультетида айни пайтда 880 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улар орасида жаҳон ва Осиё чемпионлари, халқаро турнирлар ғолиблари, республика чемпионлари кўпчиликни ташкил қилади. Жисмоний тарбия бўйича мутахассислар тайёрлашни янада кўпайтириш мақсадида келгусида футбол, стол тенниси, гимнастика, бокс каби спорт фаолияти йўналишларини очиш бўйича тайёргарлик ишлари жадал олиб борилмоқда.
Албатта, жисмоний тарбия ва спорт ишларини ташкил қилиш ва ўтказиш ўзига хос хусусиятларга эга. Спорт фаолияти ҳам кишидан ўзига хос катта жисмоний ва руҳий тайёргарликни талаб қилади. Бундан ҳаммани спортчи қилиш керак, деган хулоса келиб чиқмайди, албатта. Аммо ҳаммани жисмоний маданиятли, соғлиғи учун зарур кундалик жисмоний фаолликни таъминлаш имкониятини берадиган соғломлаштирувчи тадбирларга кенг жалб қилиш зарурияти университетлар кун тартибида доимо долзарб бўлиб қолаверади.
Фурқат Аҳмедов,
Жиззах давлат педагогика университети
жисмоний маданият факультети декани
ЎзА