Спорт соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди
Спорт вазирлигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда илмий фаолиятни ривожлантириш бўйича Кузатув кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Малакали кадрларни тайёрлаш, таълим сифатини ошириш ҳамда илмий салоҳият мезонларига бағишланган йиғилишда спорт вазири Адҳам Икромов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим сифати ва илмий фаолиятни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди.

Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Р.Маткаримов, Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори Илҳомжон Турсуналиев ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт илмий-тадқиқотлар институти олимлари 2026/2027 ўқув йили учун қабул жараёнларига оид масалалар хусусида ўз таклифларини билдирди.
Таҳлиллар жараёнида қабул квоталарини шакллантириш, ижодий (касбий) имтиҳонлар дастури ва баҳолаш мезонларини тасдиқлаш, шунингдек, қабул комиссияси таркибини белгилаш масаласида халқаро тажрибадан кенг фойдаланиш, талабаликка номзодларни электрон рўйхатдан ўтказиш, имтиҳонларнинг шаффофлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА