Спорт – соғлом турмуш гарови
Юртимизда, шу жумладан Наманган вилоятида “Беш ташаббус олимпиадаси” қизғин тарзда давом этмоқда. Жорий йилдан бошқача форматда ташкил этилган ушбу ташаббус илк маротаба мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилди.
Президентимизнинг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори доирасида анъанавий равишда ўтказилаётган мазкур тадбирларининг иккинчи мавсуми Наманган шаҳридаги 32-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.

Қайд этиш жоиз олимпиаданинг ушбу мавсуми сентябрь-декабрь ойларида ўтказилиши белгиланган бўлиб, унда ёшлар санъат-маданият, спорт, китобхонлик ва интеллектуал ўйин йўналишидаги мусобақа ва танловларда иштирок этади. Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида Наманган шаҳар ҳокимлиги, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари ўқувчиларга омад тилади.

“Беш ташаббус олимпиадаси”дан ўрин олган, ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган “Заковат”, “Қувноқ стартлар”, “Қувноқлар ва зукколар” каби танловлар ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спортни оммалаштириш мақсадида уюштирилган енгил атлетика, шахмат-шашка, стол тенниси, мини футбол, волейбол мусобақаларида ўғил-қизлар ўз билим ва маҳоратини намоён этди.

Ўқувчи ёшларни муштарак эзгу мақсадлар атрофида бирлаштирган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг мактаб босқичида ғолиб чиққан ўқувчилар кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритди, улар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА