Спорт – соғлом турмуш асоси
Жисмоний фаоллик, спорт билан мунтазам шуғулланиш соғлом ва бахтли ҳаёт кечиришнинг асоси.
Айниқса, бугунги пендемия шароитида саломатликни мустаҳкамлаш, турли хасталикларга чалиниш хавфини камайтиришда спортнинг аҳамияти катталигини ҳар қачонгидан кўпроқ ҳис қиляпмиз. Жисмоний тарбия билан машғул, спортни кундалик турмушнинг ажралмас бир бўлагига айлантирган инсонлар руҳан тетик, жисмонан бақувват бўлишига гувоҳмиз.
Шунинг учун ҳам мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда профессионал спортчиларни тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
– Бугунги кунда вилоятда 5654 та спорт иншооти мавжуд – дейди Самарқанд вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Рўзиев. – Жумладан, 2 та олимпия захиралари коллежи, 4 та ихтисослаштирилган ва 1 та эшкак эшиш спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, туман ва шаҳарларда яна 21 та спорт мактаби, 1 та футбол маҳорати ва 1 та “Динамо” ПФК футбол мактаби мавжуд. 30 та спорт муассасасида спортнинг 48 та тури бўйича тўгарак (секция)лар машғулотларида 28 минг нафар, жумладан, 7 минг нафари қизлар қатнашади. Умумий ўрта таълим мактабларидаги 27 спорт тури бўйича тўгаракларга 104 минг нафар ўқувчилар қамраб олинган.
[gallery-3163]
Ўқувчи ва талаба ёшлар таълим муассасаларида мавжуд спорт секцияларига қамраб олинади – бу борада муаммо бўлиши мумкин эмас. Аммо, гап аҳолининг турли ёшдаги қатламни қамраб олиш ҳақида борар экан, бу борада оммавий спорт тадбирларини уюштириш ўз самарасини бераётганини таъкидлаш лозим.
Мисол учун, кейинги йилларда байрам тадбирлари муносабати билан ёки дам олиш кунлари турли касб эгалари, хотин-қизлар, кексалар ва бошқа аҳоли қатлами иштирокида барча туман ва шаҳарларда оммавий юриш тадбирлари ўтказилмоқда. Бу тадбирларда ҳам қатнашчилар сони ошиб бормоқда. Аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб қилиш борасида йил бошидан буён шу каби 15 мингдан ортиқ спорт тадбирлари ўтказилди ва уларда 1 миллиондан кўпроқ аҳоли қатнашди. Спорт ҳафталиклари доирасида эса 2800 дан зиёд тадбир уюштирилди. Бу мусобақаларда ҳам 185 мингга яқин аҳоли, жумладан, 67 минг нафар хотин-қизлар иштирок этди.
“Футболимиз келажаги”, “Маҳаллада футбол”, “Чарм тўп”, “Ҳоким кубоги” ҳамда “Раҳбар кубоги” сингари 1400 дан ортиқ мусобақаларда маҳаллаларда тузилган 2400 га яқин жамоа қатнашди.
Аҳоли ўртасида спортнинг оммавийлигини оширишда Президентимиз томонидан 2020 йил 30 октябрда қабул қилинган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаш ўринли бўлади.
Мазкур фармон ижроси юзасидан жорий йилда вилоятда 104 километр узунликда саломатлик йўлаклари ҳамда 110 километр масофада велойўлак ташкил этилмоқда. Маҳаллий бюджет ва хусусий сектор маблағлари ҳисобидан 19 миллиард сўм эвазига 56 та воркаут, 33 та стритбол, 32 та бадминтон, 60 та мини-футбол майдонлари қурилмоқда. Ҳозиргача Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида ҳамда Булунғур, Оқдарё, Каттақўрғон, Нуробод, Пахтачи, Самарқанд, Тойлоқ ва Ургут туманларида 64 километрлик саломатлик ҳамда 47 километр велосипед йўлаклари, 39 та мини футбол, 33 та бадминтон, 291 та воркаут ва 38 та стритбол майдончалари фойдаланишга топширилди.
– Манзилли дастур доирасида бу йил вилоятимиздаги 6 та спорт иншоотида 35 миллиард сўм маблағ эвазига қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда – дея сўзида давом этади Ш.Рўзиев. – Маҳаллий бюджет маблағлари доирасида эса Самарқанд шаҳар 1-сон болалар-ўсмирлар спорт мактаби, Иштихон тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабининг Митан спорт мажмуаси капитал таъмирланмоқда. Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби “Ёшлик” стадиони реконструкция қилинмоқда.
Юқори қайд этганимиздек, спортнинг оммавийлигини оширишда маҳаллалар билан яқин ҳамкорликда ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишда бу йил “Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла” танловини ўтказилдик ва вилоят бўйича 52 маҳалла ана шу номга муносиб деб топилди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 июндаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан эндиликда бу борадаги ишларни янада ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортни оммавий ҳаракатга айлантириш ҳамда аҳолининг жисмоний қобилиятини аниқлаш ва рағбатлантиришга имконият яратилди.
Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 августдан бошлаб аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Унга кўра, спорт синовлари махсус ва ихтиёрий равишда аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлайди. Синовлар поғона ва мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, 15 турдаги, шу жумладан узоқ ва қисқа масофаларга югуриш ҳамда сузиш, турникда тортилиш, анжомларни улоқтириш ва бошқа машқлардан иборат бўлади. Иштирокчиларга 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилади ҳамда улар моддий рағбатлантирилади.
Натижада, аҳолининг ёш тоифасидан келиб чиқиб ёшларни ҳарбий хизматга лаёқатлилиги сони, бўйи, вазни талабга жавоб бериши ҳамда мавжуд спорт заллар ва майдончаларнинг фойдаланиш самарадорлиги 2020 йилда 8,6 соатни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 12,8 соатни ташкил этади.
Албатта, бу саъй-ҳаракатлар яқин йилларда ўз натижасини беради.
Шу кунларда дунё аҳлининг нигоҳи Япониянинг Токио шаҳрига қаратилган, десак муболаға бўлмайди. Кунчиқар юртда ўтказилаётган ёзги олимпия ва паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар ҳам муваффақиятли қатнашмоқда.
Мамлакатимиз жамоаси таркибида олимпия ўйинларида 10 нафар, паралимпия ўйинларида эса 4 нафар самарқандлик спортчиларнинг борлиги барчамизга фахр ва ихтихор бағишламоқда. Улар 8 спорт тури бўйича беллашувларда қатнашиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларига ишонамиз.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА