Спорт синовлари барча учун
Аҳолининг барча қатлами ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали жисмоний қобилият ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, зарарли одатлар ва турли касалликларнинг олдини олиш ҳамда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш мақсадида юртимизда фуқаролардан ёш тоифаси бўйича тўрт йўналишда жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовлари қабул қилинмоқда.
– Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга доир давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида йил бошидан буён вилоятимизда 262 минг нафардан зиёд аҳолидан спорт синовлари қабул қилинди, – дейди Самарқанд вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. – Жумладан, март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача, август-сентябрь ойларида 30 ёшдан 49 ёшгача, октябрь-ноябрь ойларида 50 ва ундан катта ёшдаги шахслардан ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлардан мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий ва махсус талаблар асосида спорт синовлари олинмоқда. Спорт синовларининг ихтиёрий талаблари маҳаллалардаги инфратузилмаси мавжуд спорт иншоотларида, махсус талаблари эса туман ва шаҳарлардаги спорт мактабларида қабул қилинди.

Спорт синовларини топширган фуқароларнинг таҳлилий маълумотларини ягона электрон базада юритиш амалиётини жорий этиш мақсадида my.sport.uz платформасида “Sport sinovlari” ахборот тизими ишга туширилган бўлиб, узоқ ва қисқа масофага югуриш, юриш, баскетбол саватчасига тўп киритиш, узун ва қисқа масофага сакраш, граната улоқтириш каби спорт машғулотларини бажарган иштирокчилар баҳолаб борилмоқда.
Шу пайтгача вилоятда спорт синовларининг махсус талабларини бажарган 376 нафар самарқандлик “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, улар бир йил мобайнида спорт машғулотларида қатнашиш ва бошқа масалаларда бир қатор имтиёзларга ҳам эга бўлди. Айни пайтда спорт синовларининг жорий йилги сўнгги босқичида идора ва ташкилотлар ходимлари жисмоний тайёргарликдан ўтказилмоқда.
Бошқарма бошлиғининг қайд этишича, ишчи-ходимларга қулайлик яратиш ва иш унумдорлигига салбий таъсир ўтказмаслик мақсадида спорт синовларини дам олиш кунларида ва ишдан ташқари вақтда ташкил этишга эътибор қаратилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири