Спорт саломатлик гарови
Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш инсон саломатлиги учун ниҳоятда аҳамиятли эканини пандемия даври кўрсатди.
Шу боис мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур қарор ижроси доирасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ташаббуси билан фонд ходимлари ўртасида мини футбол мусобақаси ўтказилди.

Қарши шаҳридаги ўйингоҳларда бўлиб ўтган мини футбол баҳсларида мусобақанинг қуйи босқичларида ғолиб бўлган 4 та жамоа ўзаро куч синашди. Кескин ва муросасиз беллашувда “Саховат” жамоаси мутлоқ ғолибликни қўлга киритди ва ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
ЎзА.