Спорт мутахассисларини тайёрлашда янгича ёндашув
Самарқанд шаҳрида “Янги Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш: долзарб муаммолар, инновацион ечимлар ва келажак стратегиялари” мавзусида республика илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади.
Илмий-амалий мулоқотда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, спорт таълими тизими мутахассислари, мураббийлар, ёш тадқиқотчилар, докторантлар, спорт тиббиёти ва психологияси соҳаси вакиллари қатнашмоқда.
Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), профессор Илҳомжон Турсуналиев анжумандан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида сўз юритиб, конференция ишига муваффақият тилади.

Муҳокамаларда мутахассисларнинг касбий компетенцияларини ошириш, замонавий педагогик технологияларни жорий этиш, педагогик, психологик, тиббий-биологик ва биомеханик ёндашувларни интеграциялаш, спорт таълимини рақамлаштириш, сунъий интеллект ва масофавий таълим имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, илм-фан, таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Бугун спортда юқори натижага эришиш нафақат спортчининг истеъдоди ёки мураббийнинг тажрибасига, балки мутахассисларнинг замонавий билим ва кўникмаларига ҳам боғлиқ, - дейди жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Самарқанд филиали профессори Ҳамроқул Рофиев. - Шу боис малака ошириш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва илғор педагогик ёндашувларни таълим жараёнига кенг жорий этиш муҳим. Бу спорт таълими сифатини ошириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва тайёрлаш ҳамда мамлакат спортининг рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.

Анжуманда жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизимидаги долзарб масалалар, мавжуд муаммоларнинг илмий-амалий ечимлари, илғор тажрибалар ва инновацион ёндашувлар муҳокама қилиниб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири