Спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатганлик учун жавобгарлик белгиланди
Жисмоний тарбия ва спорт жамият саломатлиги, миллат салоҳияти ва мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи муҳим соҳалардан бири ҳисобланади.
2026 йил 24 мартдаги «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонун билан соҳада қандай ўзгаришлар жорий этилди?
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова шу ҳақда батафсил маълумот берди:
– Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида мазкур соҳани ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Президентимиз раҳбарлигида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини ҳаёт меъёрига айлантириш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш борасида тизимли ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, спорт инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш ҳамда юқори малакали спортчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кейинги саккиз йилда бюджетдан спортга берилаётган йиллик маблағ 250 миллиард сўмдан 3 триллион сўмга оширилгани соҳага қаратилаётган эътиборнинг ёрқин далилидир.
Маҳаллаларда, айниқса, чекка-чекка қишлоқларда 2 мингга яқин спорт майдончалари барпо этилиб, 2030 йилга бориб уларнинг сонини 5 мингга етказиш режалаштирилган.
Юртимизда спортни энг қуйи бўғин маҳалладан бошлаш учун беш босқичли оммавий спорт мусобақалари йўлга қўйилиб, унга 15 миллион аҳоли қамраб олинди.
Адаптив спортга берилаётган эътибор туфайли сўнгги уч йилда параспортчилар сони қарийб 7 карра ошиб, 70 мингдан ортиқ ногиронлиги бор шахслар оммавий спортга жалб этилди.
Бундан ташқари, 15 та олимпия ва паралимпия марказлари тўлиқ замонавий инфратузилма билан таъминланди. Тренерларнинг ўртача маоши 7 баробар кўпайди, 250 дан зиёд йирик спорт объектлари янгидан қурилди, 100 га яқин объект реконструкция қилинди.
Соҳада олиб борилган бу каби самарали ишлар юртимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришишига хизмат қилмоқда.
Янги қонун соҳадаги тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Қонун Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилди. Қонунни тайёрлаш жараёнида қўмитамиз аъзолари ҳам ишчи гуруҳ аъзоси сифатида фаол иштирок этди ва муҳокамаларда ўз таклифларини билдириб борди.
Амалдаги «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонун (47 модда) 2015 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермай қолди. Хусусан, кейинги йилларда соҳада амалга оширилган туб ислоҳотлар – оммавий спорт, ўқувчилар ва талабаларни спортга жалб қилиш, спортчиларни тайёрлаш ва саралаб олиш тизими амалдаги қонунда назарда тутилмаган. Спорт турларини эътироф этиш, спорт федерацияларини реестрга киритиш тартиби, келишилган ўйинларга қарши курашиш каби масалалар тартибга солинмаган.
Шу каби заруратларга кўра янги таҳрирдаги «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Қонун 8 боб ва 65 моддадан иборат.
Қонунда, биринчидан, аҳолини оммавий спортга жалб қилиш ва оммавий спорт тадбирларини тизимли ўтказиб бориш белгиланди. Бунда, ҳозирги кунда оммалашган «Беш ташаббус олимпиадаси», «Беш ташаббус паралимпиадаси», спорт синовлари ва бошқа оммавий спорт мусобақаларининг ҳуқуқий асослари акс эттирилди.
Давлат органлари ўз тизимида ўтказадиган оммавий спорт мусобақаларини ҳуқуқий тартибга солувчи нормалар киритилди.
Спорт турларини эътироф этиш ва уларнинг реестрини юритиш тартиби такомиллаштирилди. Хусусан, спорт турини эътироф этиш учун у республиканинг камида 7 ҳудудида ривожланган бўлиши талаби ўрнатилди.
Спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари белгиланди. Янги нормалар спортда адолатни таъминлашга хизмат қилади. Спортчилар, тренерлар, ҳакамлар ва ташкилотчилар ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олди олинади. Бундай ҳолатлар учун жавобгарлик белгилангани ҳалол спорт ғоясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Миллий паралимпия қўмитасининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари, Паралимпия, Сурдлимпия, Махсус олимпия ва Кўзи ожизлар спорти фаолиятига доир масалалар қонун даражасида белгиланди.
Спорт федерацияларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни реестрга киритиш ва чиқариш мезонлари, шунингдек, спорт клублари ва спорт лигаларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолият юритиш тартиби белгиланди.
Бундан ташқари, спорт мусобақаларини ташкил этиш ва бошқариш мақсадида спорт лигалари ташкил қилиниши мумкинлиги ҳам қонундан ўрин олди.
Тренер, спорт ҳаками ва спорт агентининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди. Бундай янги нормаларнинг қонунда акс этиши спорт субъектлари ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланишига, амалиётдаги айрим ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилишига хизмат қилади.
Қонунда Миллий антидопинг агентлигининг ҳуқуқий мақоми белгиланди. Спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тартиби такомиллаштирилди. Янги нормалар мазмунига кўра, Миллий антидопинг қоидалари Бутунжаҳон антидопинг кодекси асосида тасдиқлаш, антидопинг қоидаларини бузганлик учун қўлланиладиган чоралар белгиланди. (Дисквалификация, мусобақадаги натижаларни бекор қилиш ҳамда терма жамоалардан четлатиш кабилар).
Корхона, муассаса ва ташкилотларнинг, яъни иш берувчилар ходимларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиши кўзда тутилди. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат органларининг қўшимча ваколатлари белгиланди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси, Спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг ҳамда Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг соҳага оид ваколатлари янада аниқлаштирилди.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати – давлат томонидан спортчи ҳамда тренерларга бир марталик ва ойлик тўлов – стипендия, нафақа ва бошқалар шаклидаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши мумкинлиги қайд этилди. Ушбу норма давлатнинг спорт соҳасида инсон капиталига устувор эътибор қаратаётганини ифодалайди ҳамда спортчилар, тренерларнинг меҳнатини моддий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Қонун билан амалдаги қонуннинг қирқта моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, ўнга яқин янги тушунчалар ҳамда соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришни назарда тутувчи 18 янги модда қўшилди.
Қонун соҳани янада ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортга оид муносабатларни тизимли ташкил этиш, амалиётда мавжуд бўлган айрим ноаниқликлар ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун расмий эълон қилинган кун – 25 мартдан кучга кирди. Фақат қонуннинг 24-моддаси тўртинчи – еттинчи қисмлари, 26, 37-моддалари мазкур қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА