Спорт маҳоратини ошириш соғлом рақобатни шакллантиради
Ўзбекистонда ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш ва иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар янги сифат босқичига кўтарилмоқда.
Айниқса, 2025–2026 йиллар давомида Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси томонидан талабалар спортини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва республика миқёсида оммавий спортни тарғиб қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ассоциация Ижроия қўмитаси ва унинг ҳузуридаги спорт клублари учун намунавий йиллик иш режалари, спорт клублари ходимларининг функционал вазифалари ҳамда оммавий спорт тадбирларининг тақвим режалари ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланди. Бу эса талабалар спорти соҳасида ягона ёндашувни шакллантириш, фаолиятни тизимли ташкил этиш ва бошқарув самарадорлигини оширишга замин яратди. Натижада Ассоциация таркибида 15 дан ортиқ янги спорт клуби ташкил этилди.
Талаба-ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва иқтидорли спортчиларни саралаб олиш мақсадида «Беш ташаббус олимпиадаси», «Универсиада» ҳамда «Талабалар лигаси» каби спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 24 февраль куни ёшлар билан ўтказган учрашувида белгиланган вазифалар ижроси доирасида «Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси» мусобақалари ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур мусобақа талабалар спортини янада ривожлантириш, ёшларнинг спорт маҳоратини ошириш ва улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Олимпиада дастуридан волейбол, гандбол, баскетболнинг 3х3 йўналиши, стол тенниси, футбол, енгил атлетика ва сузиш спорт турлари ўрин олди. Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Президент Администрацияси мутасаддилари, Спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, олий таълим муассасалари ректорлари, спорт федерациялари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Эътиборлиси, мусобақаларда иштирок этиш учун 180 дан ортиқ олий таълим муассасасидан қарийб 200 минг нафар талаба рўйхатдан ўтди. Бу эса ёшлар ўртасида спортга қизиқиш ортиб бораётгани ва оммавий спорт тадбирлари кенг қамров касб этаётганининг муҳим кўрсаткичидир.
Республика миқёсида ташкил этилаётган мусобақаларда маҳорат ва тажрибасини ошираётган талаба-спортчилар халқаро майдонларда ҳам мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юксак натижаларга эришмоқда.

Жумладан, 2025 йил 16–27 июль кунлари Германиянинг Рейн-Рур минтақасида ўтказилган XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиадасида дунёнинг 119 та давлатидан 5 минг 100 нафардан ортиқ талаба-спортчи спортнинг 18 тури бўйича 234 та медаль жамланмаси учун баҳс олиб борди.

Ўзбекистон спорт делегацияси ушбу нуфузли мусобақада 18 та олий таълим муассасасида таҳсил олувчи 53 нафар спортчи билан 11 та спорт тури бўйича иштирок этди. Талаба-спортчиларимиз сузиш, бадиий гимнастика, енгил атлетика, таэквондо WT ва дзюдо спорт турларида жами 15 та медаль — 4 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза медалини қўлга киритди. Бу натижа Ўзбекистон делегациясининг Универсиадалар тарихидаги энг юқори кўрсаткичи сифатида қайд этилди. Мамлакатимиз умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллаб, Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлди.
Шунингдек, 3–9 сентябрь кунлари Қирғизистоннинг Иссиқкўл ҳудудида ўтказилган III Туркий Универсиадада Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистондан 450 нафардан ортиқ спортчи спортнинг етти йўналиши бўйича ғолиблик учун кураш олиб борди.

Ўзбекистон делегацияси волейбол, дзюдо, футзал, шахмат, эркин кураш ва юнон-рум кураши бўйича иштирок этиб, 6 та олтин, 6 та кумуш ва 10 та бронза медалини қўлга киритди. Якуний натижаларга кўра, спортчиларимиз умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
Талабалар спортини ривожлантириш борасида Гулистон давлат педагогика институтида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, институтда «ГДПИ спорт клуби» ташкил этилган бўлиб, унинг таркибида олимпия спорт турлари бўйича учта клуб фаолият юритмоқда. Ҳозирги кунда 3 минг нафардан ортиқ талаба спорт клубига аъзо бўлган. Машғулотларга вилоят спорт федерацияларининг тажрибали мураббийлари жалб этилган.
Шунингдек, «Беш ташаббус олимпиадаси» платформасига 2 минг 800 нафардан ортиқ талаба аъзо бўлган. Институтда фаолият юритаётган 16 та спорт тўгарагида эса қарийб 1 минг нафар ёш жисмоний имкониятларини такомиллаштириб, спорт маҳоратини оширмоқда.

Институт талабалари 2026 йил давомида халқаро миқёсдаги мусобақаларда 10 та, Осиё миқёсидаги мусобақаларда 11 та, республика чемпионатларида эса 68 та ғолиблик ва совриндорлик натижасига эришди.

Ушбу натижалар институтда талабалар спортини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг спорт маҳоратини оширишга қаратилган ишлар самарасини намоён этади. Айни пайтда, спорт билан мунтазам шуғулланиш талабаларнинг нафақат жисмоний саломатлигини мустаҳкамлайди, балки уларда интизом, қатъият, жамоада ишлаш ва ғалабага интилиш каби муҳим фазилатларни ҳам шакллантиради.
Албатта, талабалар спортида кузатилаётган бундай ижобий ўзгаришлар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганининг самарасидир. Ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, спорт инфратузилмасининг кенгайиши, мусобақалар кўламининг ортиши ҳамда халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши талаба-спортчиларнинг ўз салоҳиятини намоён этишига кенг йўл очмоқда.

Жамолиддин Комилов,
Гулистон давлат педагогика институти Гуманитар фанлар
ва жисмоний маданият факультети декани, профессор.