Спорт гимнастикачимиз Осиё чемпионатида Олимпия ўйинлари совриндорларини ортда қолдирди
Хитойнинг Цзуньи шаҳридаги “Олимпия” спорт мажмуасида спорт гимнастикаси бўйича эркаклар ўртасида ўтказилган 13-Осиё чемпионати ҳамда ёшлар ўртасидаги 19-Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этди.
Қитъанинг 21 та давлатидан маҳоратли гимнастикачилар иштирок этган чемпионатнинг катталар ўртасидаги баҳсларида терма жамоамиз аъзоларидан Ўткирбек Жўраев дастакли от дастурида олтин медални қўлга киритган бўлса, кумуш медаль “Париж-2024” Олимпия ўйинлари совриндори хитойлик Чжан Бохэнга, бронза эса “Токио-2020” Олимпия ўйинлари кумуш медаль соҳиби Хитой тайпейилик Ли Чжи-Кайга насиб этди.

Ёшлар йўналишидаги баҳсларнинг таянаб сакраш дастурида Бекзод Бахтиёров, дастакли от дастурида Тимур Камаев бронза медалларини қўлга киритди.

Осиё чемпионатининг умумий натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин ва 2 та бронза медалига эгалик қилган ҳолда катталар ўртасида 4, ёшлар орасида эса 5-ўринни эгаллади.
Т.Рўзиев,
ЎзА