Спорт – баркамоллик ва ишонч асоси
Фарғона вилоятида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароит яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фарғона вилоятида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароит яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 2019 йилда барча шаҳар ва туманларда 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида сўровнома ўтказилди. Ёшларнинг спортга бўлган қизиқиши ўрганилди. Сўровнома натижасига кўра, 231 минг 793 нафар ёшлар ўзлари қизиққан спорт турларига жалб этилган.

Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш, мамлакатимиз довруғини жаҳонга танитишда спортнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам бугунги кунда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Атрофимизга эътибор билан қарасак, кимдир спортнинг футбол, кимдир бокс, яна кимдир теннис билан шуғулланаётганини кўрамиз. Асосийси, бугун барча ҳудудларда спортга қизиқувчиларнинг сафи тобора кенгаймоқда.
– 2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси асосида вилоятда муайян ишлар олиб борилмоқда, – дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Муроджон Дадабоев. – 2020 йил ҳам вилоят спортчилари учун ғоят масъулиятли давр бўлиши кутилмоқда. Бу йил асосий эътибор Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига қаратилмоқда. Ҳар икки йирик мусобақада муносиб иштирок этиш, спортчиларимизнинг ғалабалар билан қайтишлари бош мақсадимиздир. Айни дамдаги фаолиятимиз Олимпия ўйинларида спортнинг бокс, енгил атлетика, камондан отиш, байдарка-каноэ ва слаломда эшкак эшиш, каратэ WKF, юнон-рум кураши, бадиий гимнастика, трамполин бўйича 27 нафар ҳамда паралимпия спорт турлари бўйича 7 нафар номзод спортчилар билан алоҳида ишларни олиб боришга қаратилмоқда.

Ўтган 2019 йилда спорт соҳасида салмоқли ютуқларга эришилди. Германиянинг Штутгарт шаҳрида ўтказилган спортнинг спорт гимнастикаси тури бўйича жаҳон чемпионатида вилоят вакили – Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, жаҳон ва Осиё чемпионатлари иштирокчиси Расулжон Абдураҳимов XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Шунингдек, йил давомида спортни янада ривожлантириш, спорт турларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилган 5 минг 245 спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари ўтказилди. Давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та муҳим ташаббус доирасида вилоятда 60 дан зиёд ташаббускор тадбиркор томонидан янги барпо этилаётган хусусий спорт иншоотларидан бугунги кунга қадар 42 таси қуриб, фойдаланишга топширилди. Жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш юзасидан манзилли дастур доирасида 46,5 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Фарғона шаҳрида кўп тармоқли болалар спорт мажмуаси, Қўқон шаҳридаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳудудида сендвич панелли спорт зал қурилди. Қува туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бино-иншоотлари мукаммал таъмирланди.

Спорт билан шуғулланишда спорт анжомлари энг муҳим ва зарурдир. Шуларни инобатга олган ҳолда спорт билан шуғулланаётган ёшларга зарурий шароитлар яратиш мақсадида 2 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига спорт жиҳозлари олиб келинди. Спортчиларни мамлакат миқёсидаги спорт мусобақаларига жалб этиш ўз-ўзидан маблағга бориб тақалади. Ўтган йилда 56 спорт тури бўйича вилоят терма жамоаларининг 200 дан ортиқ мамлакат миқёсида ўтказилган спорт мусобақаларида иштирок этишини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан 1 миллиард 78 миллион сўм маблағ ажратилди. Мазкур мусобақаларда вилоят спортчилари 728 олтин, 689 кумуш, 1273 бронза медалини қўлга киритди.
Бундан ташқари, спортчилар жаҳон чемпионати ва кубогида 47, Осиё ва Марказий Осиё чемпионатларида 37, нуфузли халқаро турнирларда 260 ҳамда мамлакат чемпионати ва кубоги мусобақаларида 2 минг 346 медалга эгалик қилди. Ўтган йилнинг 6-22 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Миразиз Мирзаҳмедовнинг чемпион бўлгани ҳам барчага фахр бағишлади. Бу Фарғона бокс мактабининг яна бир ғалабаси бўлди.
Ёш спортчиларнинг ютуқлари эътироф этилиб, улар доимо қўллаб-қувватланмоқда. Республика, Осиё ва жаҳон чемпионларининг имтиёзли равишда олий ўқув юртига қабул қилиниши борасида ҳам вилоят олдинги ўринларда бормоқда. Ўтган йилда ана шундай 52 спортчи имтиёзли равишда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.