SpaceX ва Google коинот лойиҳаси, Венесуэла–АҚШ кескинлиги, Эрон шартлари ва глобал сиёсий янгиликлар — куннинг энг муҳим хабарлари
SpaceX ва Google’нинг коинотда маълумот марказлари яратиш бўйича музокаралари, Венесуэла ваАҚШ ўртасидаги сиёсий кескин баёнотлар, Таиланддаги визасиз режимга оид ўзгаришлар, Эроннинг АҚШ билан музокаралар учун қўйган бешта шарти, Хитойда яратилган экологик “тирик пластик” технологияси ҳамда АҚШда шаҳар мери билан боғлиқ айғоқчилик иши каби глобал воқеалар.
SpaceX ва Google коинотда маълумот марказлари очиши мумкин
Google компанияси SpaceX билан ҳамкорликда орбитал маълумот марказларини яратиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Томонлар ракета учириш ва инфратузилма жойлаштириш бўйича келишув устида ишламоқда, Google эса бошқа ракета операторлари билан ҳам музокараларни давом эттирмоқда. Лойиҳа “Қуёш тутувчи лойиҳа” доирасида ривожланиб, 2027 йилгача сунъий йўлдош прототиплари синовдан ўтказилиши режалаштирилган. Орбитал марказлар қуёш энергияси ҳисобига ишлаши ва Ердаги энергия муаммоларини камайтириши мумкин. SpaceX эса 2026 йил ёзда оммавий акциялар савдосига чиқишга тайёрланмоқда.
“Венесуэла колония эмас” — Делси Родригес Трамп баёнотларини рад этди
Венесуэла муваққат президенти Делси Родригес АҚШ президенти Дональд Трампнинг Венесуэлани “51-штат”га айлантириш ҳақидаги гапларини рад этди. У Гаагадаги Халқаро судда сўзлаб, Венесуэла суверенитети ва мустақиллиги муҳокама қилинмаслигини таъкидлади. Трамп аввалроқ Венесуэла бўйича бундай ғояни “жиддий кўриб чиқаётганини” айтган эди.
Таиландда визасиз бўлиш муддати қисқариши мумкин
Таиланд ҳукумати сайёҳлар учун визасиз бўлиш муддатини 60 кундан 30 кунгача қисқартиришни кўриб чиқмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги бу узоқ муддатли режимдан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари билан боғлиқлигини билдирган. Қарор ҳали якуний тасдиқдан ўтмаган бўлса-да, масала ҳукумат даражасида муҳокама қилинмоқда.
Эрон АҚШ билан музокаралар учун бешта шарт қўйди
Эрон АҚШ билан музокараларни давом эттириш учун Вашингтондан бешта асосий талабни бажаришни сўради. Улар орасида урушларни тўхтатиш, санкцияларни бекор қилиш, музлатилган активларни қайтариш, зарарларни қоплаш ва Ҳормуз бўғози устидан Эрон суверенитетини тан олиш бор. Теҳрон бу шартлар бажарилмаса, янги музокаралар бўлмаслигини билдирди.
Хитойда “тирик пластик” яратилди
Хитой олимлари микроблар асосида атиги олти кунда парчаланадиган экологик пластик ишлаб чиқди. Материал таркибидаги бактериялар фаоллашгач, пластикни бутунлай йўқ қилади ва микропластик қолдирмайди. Мутахассислар бу технологияни келажакда сув муҳитида ҳам қўллаш устида ишламоқда.
АҚШда шаҳар мери Хитой агенти экани аниқланди
Калифорниянинг Аркадия шаҳри мери Эйлин Ванг Хитой фойдасига яширин фаолият олиб боргани учун истеъфога чиқди. У 2020–2022 йилларда ташвиқот ишлари билан шуғулланганини тан олган. Суд жараёни давом этмоқда ва унга 10 йилгача қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/F3tnxZqu2HE?si=6fVFc6yks8ssGxLr" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нозимбек Мардонов, Салим Обиджонов ЎзА