Сохта "прокурор"нинг кирдикорлари фош этилди
Тергов департаментининг хабар беришича, 1982 йил Андижонда туғилган фуқаро Бош прокуратуранинг сохта хизмат гувоҳномаси билан турли жойларда фирибгарлик қилаётганлиги аниқланган.
Қайд этилишича, у Бектемир туманида “Malibu-2" автомашинасида ҳаракатланиб, светофорнинг қизил чироғига тўхтамай йўлда давом этган. Уни тўхтатган ЙПХ ходимларига эса ўзини «юқорида» ишлашини айтиб, сохта хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳамда ЙПХ ходими билан қўпол муомалада бўлган. Шундан сўнг, унинг устидан суриштирув ишлари олиб борилган.
Натижада, ўзини Бош прокуратура ИИОда қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи, Адлия катта маслаҳатчиси, деб таништириб келган ушбу фуқарога унинг таниши 2021 йилнинг июнь ойида бош прокурорнинг имзоси ва муҳрини сохталаштириб, сохта хизмат гувоҳномасини ясаб бергани маълум бўлди.
Қўлга олинган шахснинг айтишича, у Умар исмли шахс билан танишиб қолади. Умар Москвада ҳужжатлар билан шуғулланишини айтиб, орган ходимларига тегишли бўлган прокуратуранинг сохта ҳужжатини 3 кунда тайёрлаб берган. Фуқаро бу ҳужжатдан асосан ЙПХ ходимларига кўрсатиш учун фойдаланганини айтган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «б» банди ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, мазкур модда билан айбланган шахсга 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
ЎзА