Сохта маълумотлар расмийлаштирилгани маълум бўлди
Жиззах вилоятида давлат бюджети маблағларини сохта савдо операциялари орқали талон-торож қилиш билан боғлиқ йирик қонунбузарликка чек қўйилди. Терговга қадар текширув жараёнида “кешбэк” тизимидан ноқонуний манфаат кўриш мақсадида қалбаки ҳужжатлар расмийлаштирилиб, бюджет маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, фуқаролар Р.А. ва Т.Ш., шунингдек, “B.R.” ҳамда “A.A.” масъулияти чекланган жамиятлари масъул шахслари ўзаро тил бириктирган ҳолда жиноий схемани амалга оширган.
Текширувда улар томонидан амалда мавжуд бўлмаган 16,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштирилгани маълум бўлди. Шунингдек, гўёки ушбу савдолардан тушган маблағлар назорат-касса машиналари орқали кирим қилингани акс эттирилиб, маҳсулотлар аҳолига сотилгани ҳақида жами 3106 та харид чеки шакллантирилган.

Мазкур сохта маълумотлар асосида ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар номига “Soliq Mobile” иловаси орқали “Keshbek” тўловлари расмийлаштирилган. Натижада 1,9 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддасида назарда тутилган ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, шунингдек, 228-моддасига мувофиқ ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда мазкур иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири