Сўхликлар малакали тиббий хизматдан мамнун
Фарғона вилоятининг эксклави ҳисобланадиган Сўх туманида 82 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Сўнгги йилларда ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш, муаммоларни ҳал этишга муҳим эътибор қаратиляпти. Хусусан, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, малакали мутахассислар билан таъминлаш борасидаги ишлар натижасида бу соҳада аҳоли розилигига эришилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда оилавий шифокорлик пунктлари замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Бугунги кунда кўплаб мураккаб жарроҳлик амалиётлари шу ерда бажарилаётгани эса ортиқча оворагарчиликларга чек қўйди.
Ҳудуддаги муаммолардан бири шифокорларнинг етишмаслиги эди. Бугун эса бу ўз ечимини топди. Президентимизнинг 2022 йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосидаги “Қишлоқ шифокори” дастури янги имконият эшикларини очди. Дастур доирасида олис ва чекка ҳудудларда ишга қабул қилинган врачларга 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи, уй-жой билан таъминлаш тартиби жорий қилингани бугунги кунда ўз самарасини бераётганлиги эътиборга моликдир.

Юртимизнинг бошқа ҳудудларидан бу ерга келиб ишлайдиган шифокорлар маошига қўшимча 2 миллион сўм ҳар ойлик устама белгиланган. Уларга фаолият олиб бораётган ҳудуддан ипотека кредити асосида хонадон сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача бўлган қисми маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб бериладиган бўлди. Уч йил ишлаган шифокорларни клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилиш тартиби жорий этилди. Натижада Сўх туманида кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар барҳам топмоқда. Бугун бу ерга келиб, фаолият юритаётган шифокорлар сони қарийб 40 нафарга етди.

Асли самарқандлик бўлган Фотима Хўжанова “Демурсад” оилавий шифокорлик пункти бош врачи вазифасида иш бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Лекин касбий малакаси, одоб-ахлоқи билан кўпнинг меҳрини қозонди, эътиборига тушди. Шифокор қиз тоғлар бағрида яшовчи содда, самимий одамларнинг кўнглидан жой олди. Хонадонларга кириб бориб, одамларнинг саломатликлари билан яқиндан танишиш, касалликни даволагандан кўра, олдини олишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

--- Аввалига уй, яқинлардан олисда, бегона жой одамлари билан тил топиша билиш, мавжуд шарт-шароитларга кўникиб кета олармиканман, деган ҳадик бор эди, --- дейди Фотима.--Ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Демурсадликлар мени ўз қизларидек самимий, очиқ чеҳра билан қарши олишди. Айни кунда 2 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатиб келяпмиз. Шифо истаб келган нуронийлар, яхши кишилардан дуолар, раҳматлар эшитаман. Бу ислоҳотларнинг бош ташаббускори Президентимиз эканлигидан фахрланамиз. Ойлик маошларимизга устамалар тўлаб бериляпти. Солиқ имтиёзларини айтмайсизми, бор-йўғи бир фоиз. Шу имконият ва имтиёзлар туфайли машинали бўлдик, яқин кунларда янги уйга кўчиб ўтамиз.

Қува туманидан келган Зуҳриддин ва Дилшода Ботиралиевлар тиббиётчилар оиласи сифатида аҳоли саломатлиги йўлида хизмат қилмоқда. Зуҳриддинни сўхликлар қўли енгил шифокор, турмуш ўртоғи Дилшодахонни эса меҳрибон ҳамшира сифатида жуда яхши кўришади. Ўтган қисқа вақт давомида ёш шифокор оиласи ҳаёт тарзи учун керакли бўлган барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Нафақат иш, балки маҳаллада бўлаётган тўй-томоша, яхши-ёмон кунларда ҳам ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшаб келишяпти. Улар бу ерда чин кўнгилдан янада узоқ йиллар меҳнат қилишга тайёр.
Саломатлик инсон учун бебаҳо неъмат. Сўхликлар бугун саломатлиги учун қайғурадиган малакали шифокорлар хизматидан мамнун.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири