Сўнгги қўнғироқ янги марраларга чорлайди
Бугун мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки кайфият ва унутилмас таассуротлар билан ўтди. Бу кун, айниқса, мактаб остонасидан мустақил ҳаёт сари қадам қўяётган битирувчилар учун умр дафтарида муҳрланиб қоладиган муҳим сана ҳисобланади.
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар 5-сонли умумтаълим мактабида ҳам “Сўнгги қўнғироқ” тадбири байрамона руҳда ташкил этилди. Мактабда бугунги кунда 1601 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Жорий ўқув йилида эса 117 нафар 11-синф битирувчиси катта ҳаёт остонасида турибди.
Қувонарлиси, битирувчиларнинг 71 нафари миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритган. Жумладан, бир нафар ўқувчи бешта фан бўйича, 12 нафар тўртта фан бўйича, 34 нафар ўқувчи учта фан бўйича сертификат соҳибига айланган. Қолган битирувчилар ҳам бир ёки икки фан бўйича юқори натижаларни қайд этган.
Бу рақамлар ортида ёшларнинг интилиши, устозларнинг меҳнати ва таълимга қаратилаётган эътибор мужассам. Айниқса, 17 нафар битирувчининг муддатидан олдин талаба бўлгани мактаб жамоаси учун алоҳида ғурур манбаига айланган.
Таълим муассасасида ўқувчиларнинг нафақат фанларни ўзлаштириши, балки ижодий ва маданий салоҳиятини юксалтиришга ҳам катта аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, мактаб театр жамоалари ўртасида ташкил этилган “Турон театр” танловида 5-мактаб жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичида учинчи ўрин соҳиби бўлди.
[gallery-29633]
Шунингдек, ижодкор ўқувчи ёшларни бирлаштирган “Иқтидор” болалар ансамбли иштирокчилари ҳам вилоят ва Республика миқёсидаги танловларда муносиб иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.
Мактабда 120 нафар педагог фаолият юритади. Уларнинг 76 фоизини олий, биринчи ва иккинчи тоифали малакали устозлар ташкил этади. Бу эса таълим сифати ва натижадорликнинг муҳим омили саналади.
Сўнгги қўнғироқ бу хайрлашув эмас, балки янги имкониятлар, янги орзулар ва янги мақсадлар сари ташланган дастлабки қадамдир. Бугунги битирувчилар эртанги куннинг малакали мутахассиси, Ватан тараққиётига ҳисса қўшадиган фидойи ёшлар бўлиб етишиши шубҳасиз.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари