Солиқни ўз вақтида тўланг, акс ҳолда...
Давлат солиқ қўмитаси, Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси солиқ қарзларини ундуришни ташкил қилиш бўлими ҳамда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида қарздорларнинг мол-мулкини хатлаш ва солиқ қарзини ундириш тадбирлари ўтказилмоқда.
Мол-мулкни хатлаш ва солиқ қарзини ундиришга қаратилган галдаги тадбир Янгийўл шаҳрида рўйхатдан ўтган “Hеw луcкй футуре” МЧЖда ташкил этилди. Маълумотларга кўра, мазкур корхонанинг 2022 йил 10 май ҳолатига 143284,3 миллион сўм солиқ қарздорлиги мавжуд бўлган. Шу туфайли солиқ қарзини узиш тўғрисида талабномалар юборилиб, солиқ мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажарилиши, акс ҳолда давлат солиқ хизмати органлари томонидан, Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан, 15 кундан сўнг хатлов ишларини амалга оширилиши назарда тутилган. Шунга қарамасдан, ҳозиргача МЧЖ томонидан солиқ қарздорлиги сўндирилмаган. Якуний чора сифатида солиқ органи раҳбари томонидан чиқарилган хатлов қарорига асосан, ташкилотга тегишли бўлган техника жиҳозлари хатланди.
Шунингдек, Чиноз туманидан рўйхатдан ўтган “Чиноз туман йўлдан фойдаланиш” унитар корхонасида ҳам хатлов тадбири бўлиб ўтди. Бу корхонанинг жорий йил 10 май ҳолатига 761 588,1 миллион сўм солиқ қарздорлиги мавжуд бўлган. Бироқ белгиланган мажбуриятларини ўз вақтида бажармаган, мавжуд қарздорликни қопламаган корхонага тегишли талабномалар юборилган. Ниҳоят хатлов қарори асосида жамиятга тегишли бўлган нотурар бино ва пахта толалари солиқ қарздорлиги ҳисобига хатланди.
Таҳлилларга кўра, Тошкент вилоятида жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 236,4 миллиард сўм солиқ қарзига эга 3 минг 600 та объектда хатлов тадбири ўтказилиб, шундан 1 минг 930 та ҳолатда 70,2 миллиард сўм маблағ ундирилди. Шу билан бирга 3 минг 600 та қарздорнинг 248,4 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги ҳисобига мол-мулк, шундан 356 та бино ва иншоот, 196 та транспорт воситалари ва 3 минг 48 та бошқа турдаги мулклар хатланди.
Таъкидлаш лозимки, давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қарздорлигининг ортиб боришига йўл қўймаслик, солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларни кўпайтириш мақсадида амалга оширилади. Мақсад кимнидир жазолаш ёки бировнинг мулкини олиб қўйиш эмас, аксинча қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдир.
А.Мусаев,ЎзА.