Солиқлар аҳоли эҳтиёжларига хизмат қилади
Кейинги пайтларда солиқ органларининг маҳалла даражасига туширилгани ижобий натижаларга эришилаётганидан далолат бермоқда. Тизимнинг эътиборли жиҳати шундаки, бунда махсус дастур орқали маҳалла солиқ инспекторларининг самарадорлиги инсон омилисиз баҳоланиб, солиқ қўмитаси томонидан умумий рейтинг эълон қилиб борилишидир.
– Жорий йил август ойида “Маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти” ахборот тизимида баҳолаш натижаларига кўра Бухоро вилоятининг самарадорлик кўрсаткичи (КPI) 87.0 баллни ташкил этди, – дейди вилоят солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар шўъбаси бошлиғи Б.Файзиев. – Умумий рейтингда эса вилоят солиқ инспекторлари ҳиссаси юқори бўлган ҳудудлар қаторидан жой олди. Жумладан, Ромитан туманидаги Боғча, Ўба ва Ромитан маҳаллаларига бириктирилган солиқ инспектори Азиз Ҳамидовнинг жорий йил август ойидаги самарадорлик кўрсаткичи 90.0 баллдан юқори баҳоланди.

– Менга Ромитан туманидаги Боғча, Ўба ва Ромитан маҳаллалари бириктирилган, – дейди маҳалла солиқ инспектори Азиз Ҳамидов. – Ушбу маҳаллаларнинг солиқ тушумлари 3 миллиард 908 миллион сўмни шундан, 9 ойлиги 2 миллиард 918 миллион сўмни ташкил этади. Йил охиригача маҳалла ихтиёрида қоладиган маблағ миқдори 1 миллиард 701 миллион сўм режалаштирилган. Август ойида 10 та ишламай турган тадбиркорнинг фаолияти тикланди. 20 нафар ноқонуний ишлаётган фуқарони тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш ва ўзини-ўзи банд қилиш натижасида 102 миллион сўм бюджетга қўшимча манба аниқланди.

Вилоят солиқ бошқармасининг “Маҳаллабай ишни ташкил этиш” шўъбаси масъул ходими Шерзод Жўраев “Маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида вилоятда солиқ инспекторлари томонидан солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган ёрдамлар, жойларда олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида аҳолининг солиқ саводхонлиги ортиб, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариш кўрсаткичлари тобора ўсиб бораётганини таъкидлади. Жумладан, янги тизимнинг ижобий натижаларини вилоятдаги 544 маҳаллага бириктирилган 262 нафар солиқ инспекторларининг “Маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти” дастурий маҳсулидаги мезонлар асосидаги кунлик ишлари самарадорлигидан ҳам билиш мумкин.

– Бугунги кунда вилоятда жами 443 962 нафар мол-мулк солиғи ҳамда 392 153 нафар ер солиғи тўловчи жисмоний шахслар бор, – дейди вилоят солиқ бошқармасининг масъул ходими Ш.Жўраев. – Солиқ қонунчилигига кўра, улар ушбу солиқ тўловларини солиқ даврида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқига эгадир. Таъкидлаш керак, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 242 минг нафар аҳоли вакили 264.0 миллиард сўмлик мол-мулк ва ер солиғи тўловларини тўлаб қўйди.
Кейинги йилларда аҳоли орасида солиқ муносабатларига онгли муносабатда бўлиб, тўловларни ўз вақтида тўлашни давлат ва жамият олдидаги бурчи эканлигини англаган юртдошларимиз кўпаймоқда. Натижада, ушбу маблағлар ҳисобидан жойларда янги-янги ижтимоий объектлар барпо этилмоқда. Ички йўллар ва пиёдалар йўлакчалари яхшиланиб, ёритиш тизими, электр энергияси ҳамда табиий газ тармоқларидаги мавжуд камчиликлар бартараф этилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.